Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га юборилаётган мурожаатлар холисона кўриб чиқилиб, лозим ҳолларда жойига чиқиб ўрганилмоқда. Натижада фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Улуғнор туманида истиқомат қилувчи С.Г. 2024 йил апрель ойида меҳнат таътилига чиққан бўлса-да, тиббиёт бирлашмасидан меҳнат таътили пулини олишда муаммолар юзага келгани бўйича мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакили томонидан назоратга олиниб, прокуратура органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўрганилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқаро С.Г.нинг 10 млн сўмга яқин меҳнат таътили пули ундириб берилди.