Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бухоро вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасалар ўрганилди
2026 йил 15 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова бошчилигида Омбудсман Девони ходимлари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Бухоро вилоятидаги қатор ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторингда Қоровулбозор туманидаги 17-сон ҳамда Когон туманидаги 1-сон жазони ижро этиш колониялари, Бухоро шаҳридаги 4-сон тергов ҳибсхонасидаги шарт-шароитлар ўрганилди.

Ташрифлар чоғида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, муассасалрнинг шахсларни сақлаш камералари ва тиббиёт хоналарининг ҳолати, видеокузатув тизимларининг ишлаши ҳамда шахсларни кўрикдан ўтказиш тартиблари ўрганилди.

Мониторинг жараёнида ушбу муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, мурожаатлар қабул қилинди.

Омбудсман томонидан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича ўтказилган мониторинг ташрифлари якунлари асосида тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тегишли таъсир чоралари киритиб борилади.

Бухоро вилоятидаги ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари 16 октябрь куни ҳам давом этади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати