Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш фақат уларнинг олий таълим муассасасига қабул қилиниши билан чекланмайди. Талаба бинога мустақил кириши, аудитория, кутубхона, санитария-гигиена хоналари ва бошқа инфратузилма объектларидан хавфсиз ва тўсиқсиз фойдалана олиши ҳам муҳим.
Шундан келиб чиқиб, мониторинг давомида олий таълим муассасалари бинолари ва инфратузилмасининг ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлиги амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида ўрганилди.
Хусусан, биноларга кириш қисми ва пандусларнинг белгиланган талабларга мослиги, ички йўлаклар, эшиклар ва аудиторияларда аравачадан фойдаланувчи шахсларнинг ҳаракатланиш имконияти, тактил йўлакчалар ва Брайл ёзувидаги кўрсаткичлар, чақирув тугмалари, мослаштирилган санитария-гигиена хоналари ҳамда махсус автотураргоҳ жойларининг мавжудлигига эътибор қаратилди.
Мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддаси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида белгиланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ва жамият ҳаётида бошқалар билан тенг асосда иштирок этиш ҳуқуқларидан келиб чиқиб ўрганилди.
Мониторинг натижалари ва тахлиллар тегишли ташкилотларга юборилиши таьминланади
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






