Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ёпиқ муассасалар мониторинги ва далилларга асосланган ҳисобот тайёрлаш бўйича тренинг ўтказилди
Жорий йилнинг 15–16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги ҳамда Испаниянинг Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) билан ҳамкорликда «Озодликдан маҳрум этилган шахслар билан суҳбатлар ўтказиш методикаси, маълумотларни тўплаш ва далилларга асосланган ҳисоботларни тайёрлаш» мавзусида махсус тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Омбудсман Девони, Болалар омбудсмани Девони ходимлари, шунингдек, фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тренинг халқаро экспертлар иштирокида ўтказилиб, унда мониторинг ташрифларини самарали ташкил этиш, маълумотларни тизимли тўплаш ва таҳлил қилиш, озодликдан маҳрум этилган шахслар билан суҳбатлар ўтказиш ҳамда мониторинг натижалари бўйича далилларга асосланган ҳисоботлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, иштирокчилар мониторинг ташрифлари давомида турли ахборот манбаларидан фойдаланиш, олинган маълумотларнинг ишончлилигини текшириш, фактлар ва хулосаларни ўзаро фарқлаш, шунингдек, аниқланган индивидуал ва тизимли муаммоларни холисона баҳолаш бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширдилар.

Тренингнинг яна бир муҳим йўналиши мониторинг натижалари бўйича ҳисоботлар тайёрлашга бағишланди. Унда ҳисоботларда аниқланган ҳолатлар, далиллар ва хулосалар ўртасидаги мантиқий боғлиқликни таъминлаш, халқаро стандартларга таянган ҳолда амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси учун масъул давлат органлари ва мансабдор шахсларни белгилаш ҳамда тавсиялар ижроси устидан кейинги назоратни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.