Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Намангандаги жазони ижро этиш колониясида тиббий кўрик ва сайёр қабул ўтказилди
2026 йил 22 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 6-сон жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Ташриф доирасида маҳкумлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси асосида очиқ мулоқот ва сайёр қабул ташкил этилди.

Хусусан, маҳкумларнинг саломатлигини текшириш мақсадида кардиолог, невропатолог, психиатр, офтальмолог, оториноларинголог, эндокринолог ва жарроҳ каби тор соҳа мутахассислари жалб этилди. Шунингдек, ультратовуш ва электрокардиография текширувлари ўтказилди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, тиббий кўриклар доирасида жами 376 нафар маҳкум тиббий кўрикдан ўтказилди. 23-октябрь куни 200 нафар маҳкум ЭКГ текширувидан ўтказилди.Текширувлар натижасида айрим маҳкумларга қўшимча даволаниш, жумладан, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида муолажа олиш ва режали жарроҳлик амалиётларини ўтказиш тавсия этилди.

Ташриф давомида 300 нафардан ортиқ маҳкум иштирокида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Омбудсманнинг минтақавий вакили, Поп тумани адлия бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат маркази Поп туман бюроси вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, жазони ўташ давридаги ҳуқуқий кафолатлар, озодликка чиққандан сўнг давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлаш чоралари, шунингдек, пробация назоратининг тартиби ва бу жараёндаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган сайёр қабулда 20 нафардан ортиқ маҳкумнинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар асосан суд қарорлари, оилавий ва бошқа ҳуқуқий масалаларга оид бўлди. Уларнинг айримлари юзасидан жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларни ваколатли ташкилотларга юбориш белгиланди.

Мониторинг давомида колониянинг яшаш шароитлари, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари ва касб-ҳунарга ўқитиш имкониятлари ҳам ўрганилди. Шунингдек, муассасанинг туркумларида 270 нафардан ортиқ маҳкум билан умумий суҳбатлар ўтказилиб, Омбудсман қутиларига келиб тушган ариза ва шикоятлар олинди. Мурожаат қилган маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлар ташкил этилиб, улар кўтарган масалалар ўрганилди.