Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Девони ходимлари ҳамда фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тренингда Ирландия Омбудсмани, БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси (SPT) аъзоси ва халқаро эксперт, шунингдек, Шимолий Ирландия Инсон ҳуқуқлари комиссияси директори иштирок этиб, омбудсман институтларининг қонунчилик ташаббуси соҳасидаги халқаро тажрибаси, ваколатлари ва фаолият механизмлари юзасидан тақдимотлар ўтказдилар.
Хусусан, экспертлар томонидан омбудсман институтларининг қонунчилик жараёнидаги иштироки, аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик таклифларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш амалиёти, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш масалалари ёритилди. Бунда Европа мамлакатларида қўлланилаётган моделлар, омбудсман институтларининг қонунчилик жараёнига институционал интеграцияси ҳамда уларнинг қонунчиликни такомиллаштиришга доир тавсияларини тайёрлаш ва тегишли давлат органларига тақдим этиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро экспертлар қонунчиликка таклифлар киритишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро стандартларга таяниш, фуқароларнинг мурожаатлари ва ҳуқуқбузарликлар таҳлили асосида мавжуд қонунчиликдаги бўшлиқларни аниқлаш, тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни шакллантириш ҳамда уларнинг амалий самарадорлигини баҳолаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир давомида хорижий давлатлар тажрибасини миллий амалиётга татбиқ этиш имкониятлари, омбудсман институтларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ролини кучайтириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича самарали ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур тренинг иштирокчиларнинг халқаро тажрибага оид билимларини бойитиш, қонунчилик ташаббуси институтидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ресурс марказига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, омбудсман институтлари фаолияти ва халқаро ҳуқуқий стандартларга оид хорижий адабиётлар тўплами тақдим этилди. Мазкур адабиётлар ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги илғор ёндашувлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.






