Мониторинг доирасида 3-сон тергов ҳибсхонаси, Андижон шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонасидаги шароитлар ўрганилди.
Ташрифлар чоғида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, камералар ва тиббий хоналарнинг ҳолати, видеокузатув тизимларининг ишлаши ҳамда шахсларни кўрикдан ўтказиш тартиблари ўрганилди.
Мониторинг жараёнида “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди, муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари эшитилди.
Маълумот учун: Жорий йилда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонасида ўтказилган аввалги мониторингда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланган эди. Уларни бартараф этиш юзасидан Омбудсман томонидан тегишли ташкилотларга тақдимнома киритилган.
Омбудсман тақдимномаси кўриб чиқилиб, махсус қабулхонада аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 2 млрд сўм маблағ ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якунлари асосида тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






