Мониторинг ташрифларининг иккинчи кунида Қоракўл туманида жойлашган ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар “Ғамхўрлик” марказидаги шарт-шароитлар ўрганилди. Мазкур марказда 300 дан ортиқ киши истиқомат қилмоқда. Ўрганиш давомида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Қоракўл тумани ИИБ ҳамда Бухоро шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Ҳар икки ҳибсхонада шахсларни сақлаш камералари, тергов хоналари ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ўрганилди. Шу билан бирга, Қоракўл туманидаги ҳибсхонада тинтув хонаси ва санитария-гигиена шароитлари, Бухоро шаҳридаги ҳибсхонада эса адвокатлар хоналари ҳамда сайр жойлари кўздан кечирилди.
Ҳибсхоналарда аниқланган камчиликлар юзасидан Ички ишлар вазирлигига Омбудсманнинг таъсир чоралари киритилади.
Шу куни Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили хизмат хонаси жойлашган манзилда қабул ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






