Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Тожикистон Омбудсманлари девонлари ходимлари учун шикоятларни кўриб чиқиш ва ўрганиш бўйича минтақавий тренинг ўтказилди
Жорий йилнинг 19–20 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги ҳамда Испаниянинг Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва Тожикистон Омбудсманлари девонлари ходимлари учун шикоятларни кўриб чиқиш ва ўрганиш бўйича минтақавий тренинг ташкил этилди.

Тренингда Ўзбекистон ва Тожикистон Омбудсманлари девонлари ходимлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига оид мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш, шикоятларни ўрганиш жараёнида замонавий ёндашув ва усулларни қўллаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий институтлар ўртасида тажриба алмашишни ривожлантиришдан иборат.

Тренинг давомида шикоятларни қабул қилиш ва таҳлил қилиш, мурожаатларда баён этилган ҳолатларни ҳар томонлама ўрганиш, далиллар билан ишлаш, тегишли маълумотларни тўплаш ҳамда мурожаатлар юзасидан асослантирилган хулосалар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, мурожаат этувчилар билан самарали мулоқот олиб бориш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чораларни белгилашнинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Амалий машғулотлар ва тажриба алмашиш жараёнлари иштирокчиларга шикоятларни ўрганиш бўйича касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш, иш фаолиятида учрайдиган муаммолар юзасидан фикр алмашиш ҳамда самарали иш усулларини ўзаро ўрганиш имконини берди.

Мазкур минтақавий тренинг Ўзбекистон ва Тожикистон Омбудсманлари институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.