Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Дунёнинг бир қатор мамлакатлари Омбудсманлари Таиландда қийноқларнинг олдини олиш борасида тажриба алмашмоқда
Жорий йилнинг 20–22 октябрь кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё-Тинч океани форуми (APF), Қийноқларнинг олдини олиш ассоциацияси (APT) ҳамда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ODIHR) ҳамкорлигида ташкил этилган “Қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш бўйича минтақавий дастур: гендер ва кесишувчанлик нуқтаи назаридан ёндашув” мавзусидаги халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Малайзия, Мальдив ороллари, Монголия, Самоа, Таиланд, Тимор-Лесте, Туркманистон, Фижи, Филиппин, Шри-Ланка, Янги Зеландия ва Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлари ҳамда Омбудсман идоралари вакиллари қатнашди.

Тадбир доирасида қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олишга қаратилган асосий халқаро стандартлар, гендер омилларини ҳисобга олишнинг аҳамияти, шунингдек, БМТнинг маҳбус аёлларга нисбатан муносабатда бўлиш ва аёл ҳуқуқбузарларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган чораларни қўллашга оид Бангкок қоидалари ҳамда уларнинг амалиётдаги аҳамияти муҳокама қилинди.

Шунингдек, иштирокчилар Таиланд Марказий аёллар ахлоқ тузатиш муассасасига ташриф буюриб, озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шароитлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид амалий тажриба билан танишдилар. Таиланд Адлия институтида эса озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг жамиятга қайта мослашувини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Restart Academy» дастури тақдимоти ўтказилди.

Бундан ташқари, тадбирда қамоқда сақлаш жойларини мониторинг қилишда гендер хусусиятлари ва шахсларнинг турли заифлик омилларини ҳисобга олиш, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш, шунингдек, миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларининг қийноқларнинг олдини олиш борасидаги ваколатларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Мазкур тадбир инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар ўртасида тажриба алмашиш, қийноқларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда гендер ва кесишувчанлик ёндашувларини миллий амалиётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони ҳисобланади.