Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Варшавада Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш натижалари тақдим этилди
2026 йил 9 октябрь куни Польша Республикасининг Варшава шаҳрида ўтказилаётган «Инсон ўлчови бўйича Варшава конференцияси» доирасида «Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш: ислоҳотлар натижалари» мавзусида сайд-ивент ташкил этилди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова маърузачи сифатида иштирок этди.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Тадбирда Омбудсман Феруза Эшматова билан бир қаторда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вакили Жасур Дўстмуродов, «Барқарор ҳаёт» нодавлат нотижорат ташкилоти, Германиянинг KUNA e.V. ташкилоти вакиллари ҳамда хорижий экспертлар маърузалар билан иштирок этди.

Муҳокамаларда мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик кенгашлари ролини ошириш, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш ва фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди.

Тадбирда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 9 627 та нодавлат нотижорат ташкилоти ва 8 992 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият юритмоқда. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан илгари сурилган таклифлар сони 2021 йилдаги 1 мингтадан 2025 йилда 5 мингтага етгани қайд этилди.

Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятида ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз муомала ҳолларининг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик гуруҳлари билан ҳамкорликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда.

Тадбир давомида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, уларни молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати