Тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган аёлларнинг касбий ва етакчилик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви, хусусан, стратегик қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки гендер тенглигини таъминлашнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бунда гап нафақат раҳбарлик лавозимларидаги аёллар сонини ошириш, балки уларнинг муҳим қарорларни муҳокама қилиш, ишлаб чиқиш ва қабул қилишдаги таъсирчан иштирокини таъминлаш ҳақида бормоқда.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 6 март куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда таъкидланганидек, эндиликда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб бирорта қонун қабул қилинмайди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни, “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида 103-ўриндан 52-ўринни эгаллади. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботида эса мамлакатимиз ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга кўтарилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг иқтисодиёт, илм-фан ва таълимдаги иштироки ҳам кенгаймоқда. Бугун мамлакатда 230 мингга яқин тадбиркор аёл, 12 минг нафар фермер аёл ва 6 мингдан ортиқ олима фаолият юритмоқда. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини, стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг эса 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Нонушта мулоқотида 20 нафардан ортиқ миллий ва хорижий етакчи аёллар — парламент вакиллари, аёл парламентарлар, давлат бошқаруви органларида масъул лавозимларда фаолият юритаётган раҳбарлар, хорижий давлатлар Омбудсманлари, халқаро ташкилотлар ва нуфузли хорижий институтлар вакиллари иштирок этди.
Норасмий ва очиқ мулоқот форматида ташкил этилган тадбирда “Аёлларнинг давлат бошқаруви ва стратегик қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги ўрни: имкониятлар ва истиқболлар”, шунингдек, “Аёллар етакчилигини кучайтириш: ҳамкорлик, тажриба алмашинуви ва янги авлод лидерларини қўллаб-қувватлаш” мавзулари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ўз профессионал тажрибалари, самарали бошқарув амалиётлари, аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги таъсирини ошириш, шунингдек, етакчиликка интилаётган ёш мутахассис аёлларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Айниқса, ёш ҳуқуқшунос аёллар учун профессионал мулоқот ва тажриба алмашиш майдонларини кенгайтириш, миллий ва халқаро даражада муваффақият қозонган аёл лидерларнинг тажрибасидан фойдаланиш ҳамда янги авлод лидерларини шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида миллий ва хорижий аёл лидерлар ўртасида профессионал алоқаларни янада ривожлантириш, ёш мутахассис аёлларнинг етакчилик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг фаол ва таъсирчан иштирокини кенгайтиришга қаратилган ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






