Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман тақдимномасидан сўнг маҳкум мурожаати ижобий ҳал этилди
Омбудсманга 13-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум К.Б.нинг адвокатидан мурожаат келиб тушди. Унда маҳкум моддий зарарнинг анча қисмини қоплагани, интизомий жазога тортилмагани ва рағбатлантирилганига қарамай, унга тузалиш йўлига ўтганлиги ҳақида ижобий хулоса берилмагани баён қилинган.

Мурожаат асосида маҳкум билан учрашилиб, унга нисбатан берилган хулоса ва унинг асослари Омбудсман Девони ходимлари томонидан ўрганилди. Хулосада моддий зарар ва қопланган маблағ миқдорига оид маълумотлар расмий ҳужжатларга мувофиқ эмаслиги, шунингдек, маҳкумга аввал эълон қилинган рағбатлантириш инобатга олинмагани аниқланди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Омбудсман томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига тақдимнома киритилди.

Тақдимнома асосида хизмат текшируви ўтказилиб, масъул ходимларга нисбатан интизомий чора қўллаш масаласини Интизомий кенгашда кўриб чиқиш белгиланди.

Шундан сўнг, маҳкум К.Б.нинг ҳолати қонунчиликда белгиланган мезонлар асосида, комиссия аъзоларининг тўлиқ иштирокида қайта кўриб чиқилди. Натижада унга тузалиш йўлига ўтганлиги ҳақида хулоса берилди.

Кейинчалик маҳкумга оид материаллар суд томонидан кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, маҳкум К.Б.нинг ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазоси Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан шу муддатга бошқа енгилроқ жазога ўзгартирилиб, у жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиқди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати