Унда Олий Мажлис Cенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд судьялари, Адлия вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ходимлари, илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари назариясида таъкидланганидек: “Эркинликлар кафолатланмаса, улар фақат сўзда қолади.” Шу маънода, давлатда инсон қадрини ҳимоя қилиш, жамоатчилик назоратини таъминлаш ва давлат органлари ва халқ ўртасида мувозанатни сақлаш учун мустақил Омбудсман институтларининг бўлиши жуда муҳим.
Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам Омбудсман институти фаолиятини такомиллаштиришга ва уни кучайтиришга қаратилган эди. Фармон билан, Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда фаол иштирок этувчи парламент назорати институти сифатида белгиланди.
Ушбу фармон орқали ҳудудларда Омбудсманнинг 14 та минтақавий вакил фаолияти йўлга қўйилди, мурожаатлар билан ишлаш тизими рақамлаштирилди ва улар таҳлил қилиш орқали тизимли ечимга йўналтирилди, таклифларни қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида киритиш ҳуқуқи берилди ҳамда унинг қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш механизми кучайтирилди.
Аслида Омбудсман фаолиятидаги ушбу катта ўзгаришлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг ажралмас қисмидир. Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва ғоялари асосида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва Ўзбекистон–2030 стратегияси асосида мамлакатимизнинг демократик қиёфаси ўзгарди. Иқтисодий, сиёсий, ижтимоий янгиланишлар юз бермоқда.
Асосийси, мамлакатимизда “Инсон қадри” учун ғояси асосида ҳар бир шахснинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга жиддий киришилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларини таъминлашга, инсон қадрини юксалтиришга оид нормалар 3,5 бараварга ошиб, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, хусусий мулк дахлсизлиги, сўз эркинлиги каби умуминсоний қадриятлар тўлиқ қамраб олинди.
Тадбирда қайд этилганидек, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан Омбудсманнинг институционал асослари мустаҳкамланди. Шунингдек Бош қомусимизда Омбудсман қонунчилик ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифларини киритиши акс этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони асосида Болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Болалар Омбудсмани институти ташкил этилди.
Хусусан, бугунги кунда Омбудсман институти янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари соҳасида таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, соҳага оид миллий қонунчилик ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштиришда салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Аҳолининг мурожаатларини ҳудудлар ва соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида чекка ҳудудларда фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси, шунингдек, мактаб ёшларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман соати” инновацион лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Айни пайтда, Омбудсман институти ҳар йили 20 мингдан ортиқ мурожаатларни кўриб чиқмоқда. Кўплаб қонунларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларга сайт ва мобил илова орқали электрон мурожаат юбориш ва жавоб хатларини уйдан чиқмаган ҳолда мобил иловадан юклаб олиш имконияти яратилгани қайд этилди. Бевосита қабулга келувчилар учун қулай кутиш хоналари, она ва бола учун махсус жойлар, тиббиёт пункти каби бир қатор қулайликлар яратилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун омбудсманга ўз вазифаларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолат ҳамда ҳуқуқлар берилгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳар бир давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида акс этиши зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти Омбудсманнинг халққа яқинлашишда муҳим омил бўлаётгани, улар жойларда мурожаатлар билан ишлаш, мониторинг ташрифлари, ҳуқуқий хабардорликни ошириш борасида самарали иш олиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Хулоса сифатида таъкидландики, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бугунги давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда. Ҳар бир давлат органи ўз фаолиятида инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, белгиланган мажбуриятларини сидқидилдан бажариши лозим. Чунки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш – фақатгина Омбудсман институтининг эмас, балки барча давлат органлари зиммасидаги конституциявий бурчдир.
Шу билан бирга, Омбудсман институти ушбу жараёнда давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини самарали амалга ошириши зарур.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати