Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инклюзив билим майдони: “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасига старт берилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Сенати ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни ва 10 декабрь — Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ногиронлиги бўлган болалар ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” викторинасининг навбатдаги мавсумига старт берилди. Лойиҳанинг асосий мақсади — болаларда ҳуқуқий билимларини кенгайтириб, ҳуқуқий онгни шакллантириш, уларнинг ўз ҳуқуқларини англаш ва ҳаётий вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг 90 дан ортиқ ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида ногиронлиги бор болалар таълим олишмоқда. Инклюзив таълимни ривожлантириш, улар учун тенг имкониятлар яратиш ва шахсий салоҳиятини намоён этишга шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади.

Шу мақсадда Омбудсман институти ташаббуси билан ўтган йили бошланган “Ҳуқуқ билимдони” викторинаси бу йил 2-маротаба ташкил этилмоқда. Ўтган йилги танлов финалида иштирок этган болаларнинг қувончи, юксак мотивацияси ва ўз кучига ишончининг ошгани ушбу ташаббусни анъанага айлантиришга асос бўлди.

Танлов таянч-ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун мўлжалланган бўлиб, 9–11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

I босқич тест шаклида қуйидаги муассасаларда ташкил этилади:

  • Ангрен шаҳридаги 34-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати;
  • Қўқон шаҳридаги 9-сон мактаб-интернати;
  • Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги 100-сон мактаб-интернати.

Натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган 9 нафар ўқувчи II босқич — финалга йўлланма олади.

II босқич Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати