Бу жараёнда айниқса қийноқлар, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ва жазо турларини қатьий тақиқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Янгилланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани, ҳеч қандай ҳолат уларни камситиш учун асос бўла олмаслиги ҳамда ҳеч ким қийноққа, зўравонликка ёки бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ва жазога дучор этилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Қийноқларнинг олдини олишга оид янги меъёрлар жорий этилди, мавжуд нормалар такомиллаштирилди. Олий юридик кучга эга ҳужжат сифатида Конституцияда шахс ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлган ҳолларда у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу нормаларнинг Конституциянинг ўзида акс эттирилиши Ўзбекистоннинг инсон қадри устуворлигини таъминлаш ва қийноқларга қарши курашишдаги қатъий позициясини намоён этади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 4-бобида жазони ижро этувчи муассасалар ва органлар фаолияти устидан назорат ва мониторинг механизми белгиланган.
Назорат ва мониторинг тизимида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан бир қаторда парламент назорати субъекти сифатида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳам иштирок этади. Шу ўринда Омбудсман институтининг ўзига хос ва қадрли жиҳати шундаки, у мустақил фаолият юритади, аҳоли учун очиқ, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларга боғлиқ эмас, ваколатлари алоҳида қонун билан белгилаб қўйилган бўлиб, жумладан маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам парламент легитимиятига эга.
2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Омбудсман ўз хоҳиши билан тарк этиб бўлмайдиган муассасаларда қийноқ ҳолатларини олдини олиш бўйича чоралар кўради. Қонунда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига факультатив протокол (OPCAT) талаблари инобатга олинган.
Статистик маълумотларга кўра, Омбудсман ҳамда Қийноқларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2021 йилда 177 та, 2022 йилда 381 та, 2023 йилда 603 та, 2024 йилда эса 902 та мониторинг ташриф амалга оширилган (2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида — 491 та). Бу орқали қийноқларнинг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати тизими йўлга қўйилди. Мониторинглар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумотлар, хулосалар, тақдимномалар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идораларга юборилади. Шунингдек, мониторинглар натижалари Омбудсманнинг ҳар икки палатага тақдим этиладиган йиллик ҳисоботида ўз аксини топади.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда Омбудсман тавсиясига кўра 23-сон махсус маҳкумлар шифохонасида 50 ўринли аёллар бўлими ташкил этилди. Бу бўлим замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, маҳкум аёллар учун барча зарур тиббий шароитлар яратилди.
Маълумот учун: ушбу шифохонада 2 та лаборатория ва 21 та бўлим мавжуд бўлиб, улар орасида терапия, неврология, жарроҳлик, стоматология, диагностика, сил ва бошқа йўналишлар бор. Шунингдек, у ерда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам бажарилади.
Тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида шифохонага икки дона рентген аппарати етказиб берилди. Улардан бири — кўчма рентген аппарати бўлиб, уни бошқа муассасаларга олиб бориш ва жазони ижро этиш колонияларида қўллаш имконини беради. Бу ускуна кунiga 300 нафар маҳкумни текшириш ва аниқ хулоса бериш имкониятига эга.
Иккинчи рентген аппарати барча органларни рентгенологик текширувдан ўтказиш имконини беради. Ҳар икки ускунанинг радиация дозаси жуда паст бўлиб, бемор соғлиги учун зарарсиз ҳисобланади.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини белгилайди ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жумладан **БМТнинг Маҳбусларга нисбатан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Мандела қоидалари)**га мувофиқ инсонпарвар қамоқ шароитларини яратишга хизмат қилади.
Габит Айдаров
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони
Бош маслаҳатчиси