Омбудсман Девони тизими бўйича гендер кўрсаткичи
Жами ходимлар: аёллар – 24%, эркаклар – 76%.
Раҳбарият таркибида: аёллар – 50%, эркаклар – 50%.
Омбудсманнинг Минтақавий вакиллари орасида: аёллар –14%, эркаклар – 86%
Минтақавий вакиллар кесимида аёллар улуши ҳозирча камроқ бўлса-да, бу ҳолат асосан ташкилий тузилма билан боғлиқ. Чунки ҳар бир ҳудудда фақат бир нафар минтақавий вакил фаолият юритади ва уларни тайинлашда иш тажрибаси, салоҳият ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги амалий кўникмалар устувор мезон сифатида белгиланади.
Шу билан бирга, келгусида аёл кадрлар сонини ошириш ва уларнинг ҳудудий ваколатларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича чоралар белгиланган.
Омбудсман ҳузуридаги комиссия таркибида: жами 35 нафар аъзо, шундан аёллар – 30%, эркаклар –70%
Бу кўрсаткичлар Омбудсман институтида гендер тенглиги тизимли равишда таъминланаётганини ва раҳбарлик даражасида аёллар фаол иштирок этишини кўрсатади.
Гендер сиёсати учун масъул раҳбар
Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш вазифаси Омбудсман ўринбосари зиммасига юклатилган бўлиб, у мазкур йўналишдаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.
Малака ошириш ва гендер тенг имкониятлар
Омбудсман Девонида барча ходимлар учун малака ошириш курслари ва семинарларда иштирок этиш имкониятлари тенг асосда таъминланган.Барча ходимлар малака ошириш курсларида иштирок этиши шарт бўлиб, чет давлатларда ўтказиладиган ўқувлар ва стажировкаларда ҳам гендер тенглик тамойилларига қатъий риоя этилади.
Жумладан:
· 2024 йил 21–23 октябрь кунлари — “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ҳамда болаларга қаратилган жиноятларни таснифлаш ва улар билан самарали мулоқот қилиш” мавзусида халқаро семинар-тренинг;
· 2025 йил 11 август куни — “Ижтимоий тармоқларда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш механизмлари” мавзусидаги семинар ўтказилган.
Аёл маҳкумлар учун яратилган шароитлар
Омбудсман бошчилигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда аёллар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган тавсиялар амалга оширилди.
Хусусан, Омбудсман тавсиясига кўра, 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси очилди. Бу аёл маҳкумларнинг тиббий хизматлардан тенг фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилмоқда.
“Тенглик ва ҳурмат” лойиҳаси
Гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Тенглик ва ҳурмат” лойиҳаси амалга оширилиб, унинг доирасида давлат идоралари ва фуқаролик жамияти вакиллари учун мунтазам семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда.
Хотин-қизлар ҳуқуқий хабардорлигини ошириш
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий билимларни ошириш мақсадида 10 дан ортиқ видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилди. Шунингдек, республика бўйлаб ўтказилаётган “Омбудсман мактаби” тадбирларида ҳам хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Мурожаатларни қабул қилишда тенг имкониятлар
Омбудсман институти фаолиятида мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва назоратга олиш жараёнларида барча шахслар учун тенг имкониятлар яратилган.
Мурожаатлар ирқи, жинси, миллатидан қатъий назар қабул қилиниб, барча фуқароларга бир хил ҳуқуқий ёндашув таъминланади.
Мурожаатлар бўйича гендер таҳлил
2024 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан жами 23 422 та мурожаат келиб тушган.
Шулардан:
· Хотин-қизлар томонидан – 9 362 та (45,4%),
· Эркаклар томонидан – 11 249 та (54,6%) мурожаат қилинган.






