Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Инсон қадри учун” тамойили шунчаки шиор эмас — бу халқ ҳаётига айланган ҳақиқат
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили шунчаки шиор эмас — бу халқ ҳаётига айланган ҳақиқатдир. Чунки, инсон умрининг ҳар бир босқичида давлат унинг ёнида бўлмоқда. Мустақиллик йиллари давомида юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат сиёсатининг марказига чиқди. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб бу жараёнлар янги босқичга кўтарилиб, Ҳаракатлар стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия, Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон–2030” дастури қабул қилинди.

Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлигини таъминлаш, оилани мустаҳкамлашга қаратилган қатор гендер ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу дастурий ҳужжатларда инсон ва халқ учун жуда кўплаб ҳуқуқий асослар, имкониятлар белгилаб қўйилди ва бугун уларнинг ижроси амалда таъминланмоқда.

Қолаверса умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янгиланган Конституция билан Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эътироф этди. Бу эса ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун давлатнинг кафолатли масъулиятини белгилаб берди. Ижтимоий давлат дегани — инсон манфаати устувор қўйиладиган, аҳолига таълим ва тиббиётда тенг имкониятлар яратиладиган, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатлам доимий қўллаб-қувватланадиган жамият демакдир. Шу билан бирга, янги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимоясига оид қатор қўшимча кафолатлар киритилди, давлат органларининг фуқаролар олдидаги жавобгарлиги янада кучайтирилди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида фаолият юритаётган “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари аҳолининг энг ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш ва уларга манзилли кўмак бериш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Бу марказлар орқали эҳтиёжманд оилаларнинг муаммолари жойида ўрганилиб, уларга моддий, ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Энг муҳими, бу тизим орқали ҳеч бир фуқаро ўз муаммоси билан ёлғиз қолмайди.

Жамиятимизда ҳали ҳам зўравонликка учраётган болалар ва хотин-қизлар бор. Бу — ҳақиқат. Лекин шу билан бирга, мамлакатимизда бундай ҳолатларни бартараф этиш учун ҳимоя механизмлари ҳам изчил кучайтириб борилмоқда. Чунки инсон ҳуқуқларини таъминлаш — бир марталик эмас, балки давомли жараён. Замон ўзгариши билан турли таҳдид ва хавфлар юзага келиши мумкин, лекин давлат ҳар доим ўз фуқароларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш позициясида турибди. Шу мақсадда болалар ва хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Зўравонликка учраган аёллар эндиликда “мен борман” деб қийналиш ва топталишни эмас, балки хавфсиз ва эркин ҳаётни танлашмоқда.

Аёлга давлат томонидан маънавий, руҳий ва моддий ёрдам кўрсатилади, касбга ўқитилади, ишга жойлашишига кўмак берилади. Агар уй-жой олиш истаги бўлса, субсидия ажратилиши ҳам мумкин. Бу — аёлни қурбон сифатида эмас, эркин ва мустақил шахс сифатида қўллаб-қувватлашнинг амалий кўринишидир.

Инсон қадрини улуғлаш фақат уни зўравонликдан ҳимоя қилиш ёки ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмайди. Бу қадриятнинг яна бир муҳим устуни — таълим. Чунки инсон учун ҳақиқий имконият унинг билими ва саводидадир. Шу мақсадда мамлакатимизда олий таълимга кириш тизими тубдан янгиланди.

Аввал абитуриент фақат битта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин эди, энди эса бир вақтнинг ўзида бешта университетга топшириш имконияти яратилди. Яқиндаги ўзгаришларга кўра, бешта имкониятдан ҳам фойдаланолмаган абитуриентларга яна имконият берилмоқда. Қабул жараёнлари тубдан шаффофлашди, таълим тизими коррупциядан ажратилди. Бугун фақат ўқувчи ва талабалардан эмас, балки ўқитувчилардан ҳам юксак савия талаб этилмоқда. Улар учун малака оширишнинг тизимли дастурлари амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун ёшлар ўз қобилияти ва билимлари билан ўз келажагини қуриш имкониятига эга. Ушбу имкониятдан фойдаланаётганлар қаторида 2025 йилнинг август ойида 2 минг нафар ўзбекистонлик ёшлар бир вақтда робот ясаб, Гиннес рекордини янгилашди. Бу ёрқин натижа, таълим тизимидаги тўғри танланган ислоҳотларнинг мевасидир.

Таъкидлаш лозимки, экология масаласи бугун дунёда энг катта хавотирлардан бирига айланган. Атмосферанинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши, сув ва ер ресурсларининг камайиши – инсоният олдида турган глобал таҳдидлардир. Шу боис, БМТ Бош Ассамблеяси доимий равишда барқарор ривожланиш мақсадлари орқали табиатни муҳофаза қилишга чақирмоқда. Кўплаб ривожланган давлатлар қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва чиқиндиларни камайтириш бўйича кенг кўламли дастурларни амалга оширмоқда.

Афсуски, бу муаммоларнинг салбий таъсири Ўзбекистонда ҳам сезила бошлади. Айниқса, ҳавонинг ифлосланиши аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда. Чунки инсон ҳаёти ва фаолиятининг асосий шарти — соғлом муҳит ва тоза ҳаво. Соғлом авлод, барқарор иқтисод ва фаровон жамиятнинг пойдевори ҳам ана шу тоза ҳавода, соф табиатда яширингандир.

Шу боис 2025 йилнинг “Атроф-муҳит ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Бу йилдаги дастурлар орқали шаҳар ва қишлоқларимиз кўкаламзорланмоқда, “Яшил макон” ҳаракати доирасида миллионлаб дарахтлар экилиб, ҳаво тозалигини таъминлаш учун замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Йирик корхона ва заводлар чиқиндилари, қурилиш ишлари ва бошқа ҳаво ифлосланишининг асосий манбаларига нисбатан қатъий талаблар жорий этилди.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши ва инсон капиталининг ўсиши инсон ҳуқуқларининг ишончли ва самарали ҳимоя қилиниши билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқиш, қонун ҳужжатлари ва амалиётни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишда Омбудсман институти мустаҳкам ўринга эга.

Бунга яққол мисол – мурожаатлар сонининг ортиб бораётганидир. 2024 йилда Омбудсманга 23 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг таҳлили ва жойларда ўтказилган ўрганишлар асосида давлат органлари ва судларга тақдимнома, хулоса ва даъво аризалари киритилди. Энг муҳими, уларнинг аксарияти ижобий ечим топган.

Шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари йил сайин кўпаймоқда: 2022 йилда 381 та, 2023 йилда 603 та, 2024 йилда эса 902 та ташриф амалга оширилди. Бу эса назоратнинг кучайгани, тизимнинг очиқлик ва ҳисобдорликка эҳтиёжи ошиб бораётганини англатади. Мониторингларда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этиб, жараённинг шаффофлигини таъминламоқда.

Президентимиз қарори асосида ёпиқ муассасаларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари якунида жамоатчилик берган тавсиялар асосида 2024 йилда 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси очилди. Қорақалпоғистондаги эскирган наркология диспансери қулай бинога кўчирилди, Элликқалъадаги руҳий-асаб касалликлари диспансери таъмирланиб, психотерапия хонаси ташкил этилди. Бир қатор вилоятлардаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва тергов ҳибсхоналарида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, узоқ муддатли учрашув хоналари яратилди. Натижада маҳкум ва маҳбуслар учун инсонпарвар шароитлар яратилди.

Шунингдек, 2025 йилда киритилган тақдимномалар асосида Бухородаги “Мурувват” уйини таъмирлаш учун 176 миллион сўм, Республика руҳий касалликлар шифохонаси учун эса 1,67 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Хўжайли ва бошқа туманлардаги ҳушёрхоналар таъмирланди, маҳкумларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари яхшиланди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

2024 йилнинг ўзида мониторинглардан сўнг аниқланган камчиликлар юзасидан 56 нафар ходимга интизомий чора қўлланилди, айримлар жаримага тортилди ёки ишдан бўшатилди. Бу эса назорат ва жавобгарликнинг амалда ишлаётганидан далолат беради.

Умуман олганда, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шароитларни ҳозирги ва 5 йил аввалгиси билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Бу натижаларнинг замирида давлатимизда олиб борилаётган “Инсон қадри учун” сиёсати турибди. Чунки инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш — давлат ва жамиятнинг энг олий мақсадидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда маҳкумлар ва маҳбуслар ҳуқуқларини халқаро стандартларга мос ҳолда таъминлаш борасида қатор қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилди. 2019 йилдан бошлаб БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси асосида қабул қилинган “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари” миллий қонунчилигимизга имплементация қилинди. Унга кўра, маҳкумларга психологик ёрдам олиш ҳуқуқи берилди, оғир касалликка чалинганлар учун қўшимча телефон сўзлашуви ва яқинлари билан учрашиш имконияти яратилди. Шунингдек, руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этилган тартиббузарлик учун интизомий жазо чоралари қўлланиши бекор қилинди.

2019 йилдан маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, уларнинг пенсия таъминоти кафолатланди. Ёпиқ колонияларда телефон сўзлашуви ва учрашувлар сони икки баробарга кўпайтирилди. 2023 йилда эса Жиноят-ижроия кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, маҳкумларнинг иш стажи умумий меҳнат стажига қўшилиши белгиланди, уларга сурдотаржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун яшаш майдони кенгайтирилди ва турли воситалар билан жиҳозлаш мажбурияти белгиланди.

Бундан ташқари, маҳкумларни жинси, ёши, соғлиғи, меҳнат қобилияти ва ихтисослигига қараб ишга жойлаштириш тартиби жорий этилгани — мамлакатимизда инсонпарварлик тамойилининг амалдаги ёрқин ифодаси ҳисобланади.

Ўзбекистон нафақат ижтимоий давлат сифатида ўз фуқароларига муносиб турмуш шароитларини яратмоқда, балки ўз бағрига олган фаластинлик меҳмонларга ҳам янги ҳаёт бошлашлари учун зарур имкониятларни бермоқда. Президентимиз Фармони билан улар уй-жой, ижтимоий нафақа, таълим ва тиббий хизмат билан таъминланмоқда. Кекса ёшидаги фуқароларга нафақа тайинланади, меҳнатга лаёқатлилари эса касб-ҳунарга ўқитилиб, тадбиркорлик дастурларига жалб этилади. Оғир касалликка чалинган меҳмонларга ногиронликни дарҳол белгилаш механизми жорий этилиши эса уларни бир кун ҳам ижтимоий ҳимоядан маҳрум қолмасликлари учун муҳим қадам бўлди. Бу чора-тадбирлар уларга нафақат бошпана, балки тинчлик ва хавфсизликда янги ҳаётни бошлаш имкониятини ҳам яратди.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги қатъий қадамлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. 2024 йилда юртимизга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам давлатимиз ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида собитқадамлик билан илгарилаётганини алоҳида таъкидлаган эди.

Шунингдек, жорий йилда институт томонидан ташкил қилинган халқаро анжуманларга Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам юртимиздаги ислоҳотларни юқори баҳолашди. Австралия, Азарбайжон, Венгрия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Марокаш, Мўғулистон, Норвегия, Покистон, Россия, Сербия, Тайланд, Туркия, Тожикистон каби давлатлар Омбудсманлари, шунингдек Халқаро Омбудсман Институти, Европа Омбудсман Институти ва Осиё Омбудсманлар Ассоциацияси вакиллари Ўзбекистон 80 дан ортиқ халқаро инсон ҳуқуқлари ҳужжатларини миллий қонунчилигига имплементация қилганини алоҳида эътироф этдилар. Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда сўнгги 6–7 йил ичида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати — инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги қатъий ҳаракатлардир. Конституциявий ислоҳотлардан тортиб, ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, қонун устуворлиги ва гендер тенгликка қаратилган чоралар халқаро ҳамжамиятда юксак қизиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан кузатилмоқда.

Умуман олганда, халқаро нуфуз ва юртимиздаги ислоҳотлар уйғунлиги шуни кўрсатмоқдаки, мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида Ўзбекистон “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётнинг энг олий ҳақиқатига айлантирди. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи ва келажак авлодга қолдирилаётган энг қиммат меросидир.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)