Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси муҳокама қилинди
Сенатнинг 14 ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси (ҳисоботи) кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Омбудсман институти 2025 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, соҳага оид миллий қонунчилик ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган.

2025 йилда Омбудсман номига 26 372 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўпдир. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (4 159 та), Сурхондарё (2 769 та) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (3 599 та) ҳиссасига тўғри келган. Энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси (681 та) ва Сирдарё вилоятидан (696 та) келиб тушган.

Сенатнинг 2025 йил 18 мартдаги тегишли Қарори ижроси юзасидан энг кўп мурожаат юборилган ҳудудлар – Қашқадарё вилоятининг Косон ҳамда Сурхондарё вилоятининг Денов туманларига ташриф буюрилиб, 20 дан ортиқ маҳаллада фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда мурожаатларда кўтарилган масалалар масъул идоралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Натижада мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига киритилган.

Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига оид Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар сонининг ортгани сабабли аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги қонун ҳужжатларининг амалдаги ижроси самарадорлигини ўрганиш ҳамда парламент назоратини кучайтириш мақсадида Омбудсман ташаббуси билан 2025 йилда “Тенглик ва ҳурмат” платформаси ишга туширилди. Реабилитация марказларида 150 нафардан ортиқ зўравонликка учраган аёллар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга ёрдам кўрсатилди. Ўрганиш якунларига кўра Омбудсман таклифлари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлиснинг палаталарига киритилган.

Сенатнинг 2025 йил 18 мартдаги тегишли Қарори ижроси юзасидан Омбудсман мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш орқали қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2025 йилда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашни янада мустаҳкамлашга қаратилган 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган 1 та қонунчилик таклифи Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Шунингдек, Омбудсман тавсияси асосида давлат органлари томонидан 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Мурожаатларни ўрганиш ва мониторинг ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан 194 та таъсир чораси киритилиб, уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилди.

2025 йилда мурожаатлар асосида фуқаролар фойдасига жами 11 млрд 82 млн сўм маблағ ундирилди. Жумладан, 3 млрд 936 млн сўм уй-жой компенсациялари, 2 млрд 715 млн сўм иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид тўловлар (шундан 409,3 млн сўм маҳкумларнинг иш ҳақи), 3 млрд 361 млн сўм қарздорлик ва зарарларни қоплаш, 604 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.

Инсон ҳуқуқларини бузган 118 нафар масъул шахс интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди (2024 йилда 902 та). 11 мингдан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий, 5 487 нафар шахс билан холи тарзда суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан киритилган тақдимномалар асосида бир қатор муассасаларда шарт-шароитлар яхшиланди, 8,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди, Тошкент вилоятининг Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари тугатилди.

Халқаро йўналишда Омбудсман Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Осиё–Тинч океани форумига аъзо бўлди, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди, Дания Омбудсмани ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси билан ҳамкорлик меморандумлари тузилди.

Лекин ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, 2025 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони (26 372 та) 2024 йилга нисбатан 2 950 тага ёки 12,6 фоизга ортган.

2025 йилда Омбудсманга йўлланган мурожаатлар кесимига эътибор берилса, жами мурожаатларнинг 32 фоизини иқтисодий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар ташкил этиши ва бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 26 фоизга ошгани маълум бўлади. Ушбу йўналишдаги мурожаатларнинг аксарияти суд қарорларидан норозилик, хусусий мулк кафолатлари ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва бошқа масалаларга тааллуқли бўлган.

2025 йилда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, оилада аёлнинг таҳқирланиши ҳамда шахсий ҳаётга ўзбошимчалик билан аралашиш масалалари бўйича 585 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2024 йилга (294 та) нисбатан 291 тага ёки 99 фоизга ошган. Бу кўрсаткич мазкур йўналишдаги муаммоларнинг долзарблиги сақланиб қолаётганини ҳамда профилактика ва ҳимоя механизмларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакилларига ушбу орган Девонидан ҳамда фуқаролардан тўғридан-тўғри 7 010 та мурожаат келиб тушган (2024 йилда 3 857 та). Бу қабул қилинган жами мурожаатларнинг 26,6 фоизини ташкил этган.

Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Ушбу масалани кўриб чиқиш якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.