Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Чекка ҳудудларда комплекс ёндашув: Омбудсман мактаби доирасида тиббий кўрик, сайёр қабул ва ёшлар тўгараклари намойиши ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир Жалақудуқ туманидаги “Узункўча” маҳаллада жойлашган 37-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди.

Лойиҳа доимий равишда чекка ҳудудларда фуқароларга яқин бориш, уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, реал мурожаатларга ечим топиш ҳамда соҳавий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашга қаратилган бўлиб, бу галги тадбир ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди.

Тадбирда “Узункўча”, “Деҳқонобод”, “Ғайрат” ва “Абдуллабий” маҳаллалари аҳолиси ҳамда ёшлар иштирок этди. Мактаб ўқувчилари томонидан театр, техника, санъат, спорт ва ижодий тўгараклардаги ишланмалар тақдим этилди, саҳна чиқишлари ва кўргазмалар намойиш қилинди. Шунингдек, пазандачилик тўгараги иштирокчилари ўртасида миллий таом — ош тайёрлаш бўйича мусобақа ҳам ўтказилди.

Тадбирнинг энг асосий қисми сифатида Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили бошчилигида фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда туман ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмаси, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали, “Электр тармоқлари” корхонаси ва тижорат банклари масъуллари ҳам иштирок этди. Мазкур формат — турли ташкилотлар мутахассисларининг тўғридан-тўғри аҳоли ёнига бориб, мурожаатларни жойида тинглаши ва ечим топиши билан аҳамиятли бўлди.

Қабул пайтида фуқароларнинг яшаш шароити, инфратузилма, ижтимоий ёрдам, иш билан таъминлаш ва таълим соҳаларига оид масалалари кўриб чиқилди ва айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Тадбир доирасида туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда сайёр тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Тешиктош маҳалласи аҳолиси учун бепул рентген, ультратовуш текшируви, қон таҳлили ўтказилиб, тор доирадаги шифокорлар томонидан  тиббий тавсиялар берилди.Бу амалий қадам чекка ҳудудларда тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжни қисман қамраб олишга хизмат қилди.

“Омбудсман мактаби”нинг бу галги формати бир неча йўналишни қамраб олгани — ҳуқуқий, тиббий, таълимий ва ижтимоий хизматларни бир жойда бирлаштиргани билан аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати