Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2025 йилнинг 1-чорагида амалга оширган ишлари ва фаолият натижаларига бағишланган БРИФИНГ
2025 йилнинг 1-чорагида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 6042 та мурожаат келиб тушган. Шундан 742 таси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячи (адвокат)ларидан юборилган.

Мурожаатларнинг 12 таси белгиланган тартибда аноним деб топилган.  

Жами мурожаатларнинг 26,6% иқтисодий ҳуқуқларга, 23,4% ижтимоий ҳуқуқларга, 14,6% фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 9,1% сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга, 3,5% бола ҳуқуқлари ва эркинликларига, 0,8% экологик ҳуқуқ ва эркинликларга, 12,2 % ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга ва 9,7% бошқа масалаларга оид.

Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили ҳудудлар кесимида кўриб чиқилганда, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келиб тушган бўлса, энг кам мурожаатлар Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан келиб тушган.

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 43 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундиришга ҳамда ундириш белгиланишига кўмаклашилган жами маблағлар 1 млрд 407,2 млн. сўмни ташкил этди. Шундан, 969,2 млн сўми фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.

Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 205 млн. 800 минг сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилишига кўмаклашилди.

Шунингдек, 8 нафар фуқаронинг ишга тиклаш ва ишга жойлаштириш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. 2 та ҳолатда иш берувчини ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди. Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари томонидан Омбудсманнинг фуқаролар манфаатларида йўллаган мурожаатлари бўйича сўровига асосан судларга 2 та даъво аризалар киритилди. 3 нафар фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишида ёрдам берилди.

Омбудсман сўровига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 145 млн. сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.

Мурожаатчиларга мутасадди ташкилотлар томонидан – 32 млн 360 минг сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам ажратилишига кўмаклашилди.

Фуқароларнинг 6,8 млн сўмдан ортиқ нореал қарздорликлари бартараф этилиши таъминланди. 5 нафар фуқаронинг ижтимоий турар жой ажратилиши, боқувчисини йўқотганлик учун нафақа тайинланиши ҳамда уй-жойидаги газ таъминотини тиклаш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилишига кўмаклашилди.

5 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронликни белгилаш ва ижтимоий ёрдам олиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. 3 нафар фуқаро “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилишига кўмаклашилди. 1 нафар жабрланувчи ҳимоя ордери билан таъминланди ва 1 нафар фуқарога тайинланган 2,5 млн. сўмлик жарима бекор қилинди.

Соғлиқни сақлаш йўналишида – 8 нафар фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма берилиши, фуқароларнинг даволанишлари учун 54,9 млн сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилишида кўмаклашилди.

Шу билан бирга, жамоавий мурожаатлар ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилиши натижасида Олтинсой тумани Ҳақобод МФЙда электр трансформаторлар алмаштириб берилишига ҳамда Деҳқонобод тумани Пахтачи МФЙ ҳудудидан автойўл(магистрал)да пиёдалар учун йўлак қурилишига эришилди.

Омбудсман тақдимномасига кўра, меҳнат қонунчилигини бузганлиги сабабли 3 нафар масъулга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган. 1 нафар маъсулга Жиноят кодексининг 116 ва 117-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Омбудсман сўровига мувофиқ, 7 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган. 1 нафар фуқарога Жиноят кодекси 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Экологик ҳуқуқ бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш давомида Фарғона шаҳрида Фаробий кўчасида кўп қаватли турар жой қурилиши, Риштон туманидаги хусусий қурилиш ишлари шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид бўлганлиги учун тўхтатилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячи (адвокат)ларидан Омбудсманга 2025 йилнинг 1-чорагида 742 та мурожаат келиб тушди.

Мурожаатларнинг 6 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар, Омбудсманнинг хатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, 5 та шикоят юзасидан тегишли прокуратура идоралари томонидан хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома киритилди.

Омбудсман томонидан маҳкумларга тайинланган жазони енгиллаштириш масаласида тегишли судларга юборган хатлар асосида 25 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг оила аъзоларига 22 565 100 сўм моддий ёрдам пуллари ажратилишига кўмаклашилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 202 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида 2 мингдан ортиқ маҳкумлар (маҳбуслар) билан жамоавий ҳамда 1123 нафар маҳкум (маҳбус) билан ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида бу жойларда сақланаётган шахсларнинг сақлаш шароитлари, яшаш ва овқатланишлари, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолатлари ва сифати, сақланаётган шахслар орасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.

Омбудсман тавсиясига кўра, Сурхондарё вилоятидаги 9-сонли тергов ҳибсхонасига 4,5 млрд сўм ажаратилиб, капитал таъмирланди ва керакли жихозлар ҳамда замонавий техникалар билан таъминланди.

Омбудсман томонидан киритилган таъсир чорасидан сўнг Бухородаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйини таъмирлаш учун 176 млн сўм ажратилди.

Омбудсман тақдимномасидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмалари таркибида ташкил этилган қатор мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктларидаги шароитлар яхшиланди. Жумладан, Нукус шаҳридаги ҳушёрхона янги манзилга кўчирилган. Шунингдек, Хўжайли, Нукус ва Қораўзак туманларидаги ҳушёрхоналар таъмирланиб, санитария ва хавфсизлик талабларига мос равишда қайта жиҳозланган.

Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги 40-сон манзил-колониясида сақланаётган маҳкумларнинг ишлаб чиқариш объектларидаги овқатланиш ва ювиниш хоналаридаги шароитлар яхшиланди.

Мониторинг жараёнида аниқланган салбий ҳолатлар юзасидан 2025 йилнинг 1-чорагида Омбудсман томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга 3 та талабнома ва 5 та тақдимнома қиритилди.

Қолаверса, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ташаббуси билан маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Наманган, Андижон ва Тошкент вилоятларида ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда тор доирадаги олий тоифали шифокорлар жалб қилиниб, 2 минг нафарга яқин маҳкум ва маҳбуслар тиббий кўрикдан ўтказилди.  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати