Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ёрдамида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га жойларда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан бир қатор мурожаатлар келиб тушмоқда. Улар тезкор ўрганилиб, аниқланган муаммоларнинг ҳал этилиши таъминланмоқда.

Жиззах шаҳридаги “Глобал қурилиш транс” МЧЖда ишлаган 13 нафар фуқаро иш ҳақининг бир қисми тўланмагани ва мурожаатларга эътибор берилмаётганидан шикоят қилган. Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида, фуқароларнинг тўланмай келган иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.

Шунингдек, Андижон вилоятидаги хусусий иссиқлик таъминоти корхонасида фаолият юритган 100 нафар мавсумий ишчи февраль ва март ойлари учун ҳақ тўланмаганини билдиришган. Омбудсман аралашувидан сўнг, барча иш ҳақлари қисқа муддатда тўлаб берилди.

Фарғона шаҳри Қўштепа туманида яшовчи фуқаро турмуш ўртоғига ногиронлик белгиланиши ва тиббий ёрдам кўрсатилишида амалий кўмак сўраган. Омбудсманнинг вилоятдаги вакили ижтимоий ҳимоя органлари билан ҳамкорликда мурожаатни ўрганиб, натижада беморга 2-гуруҳ ногиронлик белгиланиб, бепул дори-дармон ва тиббий хизматлар билан таъминланди.

Тошкент шаҳрида спорт залига кириши чекланган фуқаро мурожаати кўриб чиқилди. Унинг сўзларига кўра, соғлиги боис реабилитация мақсадида спорт машғулотларига муҳтож бўлган. Аммо мутасадди шахс томонидан ҳеч қандай асоссиз тарзда унга залга кириш тақиқланган. Омбудсман вакили аралашувидан сўнг, фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати