Йиғилишда Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун билан Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари кенгайгани, шу жумладан, 14-моддага мувофиқ, илк бор Олий Мажлис палаталарига маъруза тақдим этилаётгани айтиб ўтилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) 2024-йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш каби устувор вазифалар тўғрисида тайёрланган маърузасини тақдим этди.
Маърузада қайд этилишича, 2024-йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар сони 23 422 тани ташкил этган.
Ўтган йилда Омбудсман томонидан мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига ҳамда мансабдор шахсларга 182 та (2022 йилда 134 та, 2023-йилда 170 та) тақдимнома, талабнома, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2023-йилга нисбатан 7 фоизга, 2022-йилга нисбатан 35,0 фоизга ошган. Таъсир чораларининг 140 таси ёки 76,9 фоизи ижобий ҳал этилган. Хусусан, 2024-йилда Омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 39 та (2023-йилга нисбатан 11 фоизга кўп) тақдимнома киритилган бўлиб, уларнинг 30 таси ижобий ҳал этилган.
Омбудсман томонидан меҳнатга оид ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлари бўйича ундирилган маблағлар 1 млрд. 832,9 млн. сўмни ташкил қилган. 20 нафар фуқаро ишга тикланган, 7 та ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари бартараф этилган.
Ҳисобот даврида Омбудсман давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро узвий алоқада бўлиши натижасида инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги вазифаларнинг ижро этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Депутатлар Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасини ижобий баҳолаб, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституция ва бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.
Йиғилишда депутатлар томонидан берилган саволларга тегишли жавоблар олиниб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024-йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси бир овоздан маъқулланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати