Мазкур Қонун 8 та боб, 57 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясига мувофиқлаштирилган.
Ушбу қонуннинг мақсади омбудсман институтининг институционал асосларини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги Омбудсманнинг ваколатларини ҳамда унинг ҳудудлардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олишдаги фаолиятини кучайтиришдан иборат.
Қайд этиш лозимки, мазкур ҳужжат Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини тўлдиради ҳамда Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Омбудсман фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда тегишли давлат органлари ва ташкилотларига огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома таъсир чораларини киритиши мумкин.
Қонунга мувофиқ, Омбудсман ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ўз фаолияти тўғрисида маъруза тақдим этиши белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи ҳам берилди.
Қонундаги яна бир муҳим жиҳатлардан бири Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланганлигидир. Бу Омбудсманнинг мониторинг ва таҳлил фаолияти кучайтирилишига ҳамда фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларга қонунчилик орқали ечим таклиф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Қонунда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг ҳуқуқий фаолияти ҳамда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларнинг доимий асосда ишлаши, мониторинг ташрифларидаги иштироки, маҳкум ва маҳбусларнинг “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат қилишининг ҳуқуқий механизми ҳам мустаҳкамган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати