Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ТЕНГЛИК ВА ҲУРМАТ: АЁЛЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ОМИЛИ!
Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Шу жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳар қандай жамиятда муҳим ўрин тутади. Бу масала фақат бир мамлакатда эмас, балки глобал миқёсда ҳам эътибор талаб қилади.

Ҳар бир инсон тинч ва хавфсиз ҳаётда яшаш ҳуқуқига эга. Аммо, бугунги кунда хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб аёллар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда камситишларга дуч келишда давом этмоқдалар. Ушбу муаммо нафақат инсонларнинг шахсий ҳаётига, балки жамият ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатадиган омил ҳисобланади.

ЖССТнинг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Тадқиқотларга кўра, тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга умумий рўзғор асосида яшаётган шахснинг айби бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё двлатлари орасида биринчилардан бўлиб, 1995-йил 6-майда БМТнинг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенсиясига қўшилган. Шунингдек, Оналикни ҳимоя қилиш, Меҳнат ва касб соҳасидаги камситиш тўғрисидаги конвенсиялар ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилган.

Таъкидлаш лозимки, хотин-қизлар ҳуқуқларига эътибор бу билан тўхтаб қолмади. Қисқа давр ичида соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди. Жумладан, сўнгги 5 йилда соҳага оид 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва уни тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030-йилга қадар мўлжалланган Гендер Стратегиясининг қабул қилинганлиги ва уни барча соҳа ва тармоқларга жорий қилиш ишларининг жадаллик билан олиб борилаётганлиги ҳам диққатга сазовордир.

Шу билан бирга, Президентимиз томонидан 2025-йилнинг 9-апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Ушбу Қонун билан Оила кодексининг 40-моддасига суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги ҳақидаги норманинг киритилиши хотин-қизлар ҳуқуқларининг таъминланиши, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишда муҳим қадам бўлди1.

Биринчидан, ушбу норманинг киритилиши оилавий зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Иккинчидан, мазкур норма никоҳдан ажратиш масаласи ўз вақтида ҳал қилинмаслиги оқибатида юзага келиши мумкин бўлган зўравонликдан жабр кўрган аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, бевақт ўлими каби аянчли оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўз навбатида, Омбудсман томонидан ҳам зўравонликка дуч келган хотин-қизларнинг мурожаатлари ўрганилиб, ваколат доирасида чоралар кўрилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2024-йил давомида Омбудсман томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 409 таси хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, шахсий ҳаётга аралашиш ҳамда оилада аёлнинг таҳқирланиши масаларида келиб тушган. Ушбу мурожаатлар умумий мурожаатларнинг 1,9 фоизини хотин-қизлардан келиб тушган мурожаатларнинг эса 4,3 фоизини ташкил қилди.

Ушбу йўналишдаги энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (76) ва Сурхондарё (51) вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида (59) яшовчи фуқаролардан келиб тушган.

Шу билан бирга аниқланишича, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик юзасидан қилинган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, зўравонлик ҳолатларининг катта қисми аёлларнинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг оила аъзолари томонидан содир этилган оилавий-маиший зўравонлик ҳолатларидир.

Мурожаатлар ўрганилиши натижасида 8 нафар хотин-қизларга “ҳимоя ордери” берилишида кўмаклашилди. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг мурожаатлари асосида Омбудсманнинг прокуратура органларига сўровларига биноан 2 та ҳолатда айбдорга нисбатан ЖКнинг 1261-моддаси 5-қисми “в” банди, 1 ҳолатда 1261-моддаси 7-қисми “в” банди, 112-моддаси 1-қисми билан асосан ва яна 1 ҳолатда 1261-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни соҳадаги ишлар, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорликни ошириш каби муҳим йўналишларда ҳукумат томонидан ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилиши тартибининг жорий этилганлиги1, тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида “Оила судялари” ташкил этилганлиги эътиборлидир.

Аммо, ҳимоя ордери олган хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликнинг давом эттирилаётганлиги, ҳаттоки бундай ҳолатларнинг ўлим билан якунланиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ушбу ҳолатлар ҳимоя ордери берилиши, қолаверса хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва зўравонликка барҳам берилиши масалаарининг нақадар муҳим эканлигини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда, хорижий мамлакатларнинг тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Янги Зеландия қонунчилигига кўра, Оила судлари зўравонликдан ҳимоя қилиш учун зўравонликка учраган шахснинг аризасига кўра Ҳимоя ордери (Protection Order) бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Агар кўрилаётган иш оилавий зўравонлик билан боғлиқ бўлса, судя шахснинг аризасисиз ҳам Ҳимоя ордери берилиши ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Агар жабрланувчига дарҳол ҳимоя керак бўлса судя вақтинчалик ҳимоя ордери (Temporary Protection Order) берилиши ҳақида қарор қабул қилади.

Янги Зеландия қонунчилигига кўра, жавобгар томонидан Ҳимоя ордери талабларига риоя қилмаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунга ўхшаш норма Канаданинг Алберта провинсиясида ҳам мавжуд. Оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун (Protection Against Family Violence Act)га кўра оилавий зўравонликдан жабрланган шахс(лар)га Ҳимоя ордери (protection order, emergency protection order, King’s Bench protection order) суд томонидан берилади. Қонунга кўра, агар судя ишни кўриш жараёнида оилавий зўравонликни аниқласа, жабрланувчининг аризасисиз ҳам Ҳимоя ордери берилиши ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Ҳимоя ордери қоидаларини бузиш 1-марта бузиш 5000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда жарима ёки 90 кунгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-марта бузиш 14 кундан 18 ойгача озодликдан маҳрум қилиш, 3-марта ёки кейинги бузишлар 30 кундан 24 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, зўравонликка барҳам бериш маслаларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим босқичларидан бири эканлигидан келиб чиқиб, қуйидаги масаларга эътибор қаратилиши лозим:

Биринчидан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш юзасидан мажбурий ўқув курслари жорий этиш ва ушбу курсларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ва унинг оқибатлари юзасидан дарс машғулотларини амалга ошириш.

Бунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 31-декабрдаги 820-сонли қарори билан тасдиқланган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида машғулотларни ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги Низомда (кейинги ўринларда Низом) белгиланган никоҳни қайд этиш учун ариза берган шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ихтиёрий ўқув машғулотларида ўқитиш нормасининг мажбурий тартибда ўқитиш нормасига ўзгартирилиши.

Иккинчидан, зўравонлик содир этган шахсларнинг тузалиши юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш.

Қайд этиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 2020-йил 4-апрелдаги 3-сонли Қарори билан тасдиқланган “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларни тузатишнинг намунавий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастурни самарадорлиги ёки амалиётда қўлланиши бўйича маълумотлар мавжуд эмас. Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу дастур амалиётда қўлланилмайди ҳамда дастур вазифалари ижроси 5-6 та муассасаларга юкланиши, дастур бўйича зўравонлик содир этган шахснинг тузатиши бўйича самарасини пасайишига ёки бермаслиги мумкин.

Шунга кўра, ушбу тузатиш дастурини такомиллаштириш лозим ҳисобланади. Бунда, тузатиш дастурини соҳа мутахассислари иштирокида халқаро тажрибанинг ютуқларидан фойдаланган ҳолда қайта кўриб чиқиб, тузатиш дастурини ўтказишни масъул 1 та давлат ташкилотига юклаш лозим бўлади.

Янги Зеландияда кўп ҳолларда суд жавобгарни баҳолаш ва зўравонликдан воз кечиш дастурларига (an assessment and a non-violence programme) юборади. Агар жавобгар буни бажармаса 5000 долларгача жарима ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, Австралияда 2022-йил октябр ойида 2022-2032-йилларга мўлжалланган Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш миллий режаси (National Plan to End Violence against Women and Children 2022-2032) эълон қилинган. Ушбу режа зўравонликнинг олдини олиш, зўравонликка учраш хавфи юқори бўлган шахсларни аниқлаш, зўравонлик қурбони бўлган жабрланувчиларга ёрдам бериш ва зўравонлик қилган шахсларни жавобгарликка тортиш, зўравонлик иштирокчилари реабилитацияси чораларини ўз ичига олади.

Австралияда зўравонликка қарши кураш мақсадида ташкил қилинган Эркаклар хулқ-атворини ўзгартириш дастурлари (Men’s Behavior Change Program (MBCP) мавжуд. Ушбу дастур эркакларнинг зўравонлик хатти-ҳаракатларини тан олишлари ва зўравонликдан фойдаланишни тўхтатиш стратегияларини ишлаб чиқишлари учун улар билан ишлашга қаратилган.

Дастур доирасида эркакларга психологик ёрдам кўрсатилади ва тренинглар ўтказиш орқали уларга зўравонликдан фойдаланишни тўхтатиш стратегиялари тушунтирилади.

АҚШнинг Иллиноис штатида Зўравонликнинг олдини олиш маркази (Center for prevention of abuse) фаолият олиб боради. Ушбу марказ фақат зўравонликдан жабрланганларга эмас, балки зўравонлик қилган шахсларга ҳам ёрдам беради.

Марказнинг зўравонликни амалга оширган шахсларни салбий ва зарарли хатти-ҳаракатлардан қутулишига ёрдам берадиган дастури (Partner Abuse Intervention Program) орқали зўравонлик иштирокчилари (эркаклар ва аёллар) учун 26 ҳафталик ўқув курсидан иборат.

Ушбу дастур давомида зўравонлик қилган шахсларга ўзлари қилган зўравонликни тан олиш, ўз хатти-ҳаракатлари учун бошқаларни айбламаслик, ҳаракатлари оқибатларини тушуниш, шеригига нисбатан ҳурматни сақлаш, уни қўллаб-қувватлаш, шеригининг шикоятларига нисбатан муносабат билдириш каби кўникмалар орқали зўравонликдан қутулиш ўргатилади.

Кўриниб турибдики, қатор мамлакатларда оилавий зўравонликни камайтириш ва унга қарши кураш фақат жабрланувчиларни эмас, балки зўравонлик қилган шахсларни ҳам реабилитация қилиш, улар билан махсус тренинг ва дастурлар доирасида ишлаш йўлга қўйилган.

Учинчидан, маиший зўравонликнинг кутиб бўлмас ҳолатларида, тезкор реакция қилиш учун мобил илова ишлаб чиқиш, бунда мобил иловани қўриқлаш хизматлари дастурига бириктириш тавсия этилади.

Аҳамиятлиси, бу ҳолда бутунлай автоном янги мобил илова яратилиши ёки ушбу мобил илова қўриқлаш хизматларининг мавжуд дастурий тизимларига бириктирилиши мумкин.

Мобил иловада “хавотирли қўнғироқ” (тревожный вызов/сигнал) функциясини жорий қилиш орқали, ушбу функциядан фойдаланган маиший зўравонлик жабрланувчиси ёки эҳтимолий жабрланувчиси турар жойи бўйича (геолокация маълумотлари орқали) қўриқлаш хизматлари ходимлари етиб келиши кўзда тутилиши лозим.

Таъкидлаш лозимки, Оила ва хотин қизлар қўмитасининг туманлардаги МФЙларда фаолият олиб бораётган ходимларида мавжуд маълумотлар асосида муаммоли оилалардаги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини кўзлаган ҳолда ушбу мобил илованинг улар томонидан юклаб олинишини тарғиб қилиниши ва фойдаланиш учун имконият яратиб берилиши лозим ҳисобланади.

Мобил илованинг жорий этилиши, келгусида оилаларда маиший зўравонлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.

Яна бир ҳолатни эсда тутиш лозимки, маиший зўравонлик ҳолатлари содир этилаётган вақтда жабрланувчи томонидан мавжуд Ишонч телефонлари ёки ИИБларга телефон қилиш имконияти бўлмаслиги мумкин ва эҳтимолий жабрланувчига зўравонлик қилиш ҳолати охиригача амалга оширилишига йўл қўйиб берилиши мумкин. Бунинг натижасида эса, зўравонликни бартараф этиш эмас, унинг оқибатида билан ишлашга тўғри келади. Мобил илова ушбу эҳтимолларни бартараф этишга кўмаклашади.

Тўртинчидан, олий таълим муассасалари талабалари учун хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қисқа курслар ташкил этилиши тавсия этилади.

Буюк Британиянинг Лондон Метрополитан Университетида магистратура босқичи талабалари учун Аёлларга нисбатан зўравонлик: Муаммолар, Тадқиқот ва Сиёсат (Violence Against Women: Issues, Research and Polic) номли қисқа курслар мавжуд. Ушбу курс сиёсатчилар сифатида ишлайдиган ёки маҳаллий, минтақавий ёки миллий даражада зўравонликни бошдан кечирган аёллар ва болалар учун махсус хизматларда ишловчи, шунингдек, ушбу соҳаларда ишлаш ниятида бўлганларга қаратилган.

Австралиянинг Australian National Университетида магистратура босқичи талабалари учун Австралия, Осиё ва Тинч океанида аёлларга нисбатан зўравонлик (Violence Against Women in Australia, Asia and the Pacific) курси мавжуд. Ушбу курс зўравонликнинг хилма-хиллиги, кўлами ва характерини кўриб чиқади ва сабаблар ҳақидаги назарий тушунтиришларни кўриб чиқади ва Австралия, Осиё ва Тинч океанидаги аёлларга нисбатан зўравонликка алоҳида эътибор қаратган ҳолда индивидуал ва жамоавий зўравонлик ва тажовузни даволаш усулларини таҳлил қилишга асосланган. Курс тўртта асосий ёндашувга – ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, жиноят ва тартибга солиш масалаларига қаратилган. Шу билан бирга, маиший зўравонлик, хотин-қизларга тазйиқ ишлари билан боғлиқ ишларни кўриб чиқадиган давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига соҳанинг етук мутахассислари иштирокида тажриба ва кўникмаларини ошириш учун махсус тренинг дастури ишлаб чиқилиши ва ўтказилиши тавсия қилинади.

Швециянинг Uppsala  Университетида Зўравонлик бўйича онлине курс (Online Course on Violence) ташкил этилган. Курс ўз фаолияти давомида зўравонликка учраган аёллар ва болалар ёки зўравонлик содир этганлар билан учрашадиган мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган. Курс ижтимоий хизмат ходимларига мўлжалланган, аммо соғлиқни сақлаш, таълим ёки ҳуқуқ каби бошқа соҳаларда ишлайдиган ходимлари ҳам ушбу курсдан фойдаланишлари мумкин.

Барно Бобомуродова,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони ходими

Сухробжон Мамажонов,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони ходими