Навбатдаги очиқ мулоқотлар Андижон, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилди. Дастлаб, Омбудсманга ушбу ҳудудлардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, аҳоли учун долзарб масалалар аниқланди ва тадбирларга тегишли масъул идоралар вакиллари жалб этилди.
Тадбирлар давомида 700 нафарга яқин фуқаро қамраб олинди. Жумладан, Андижон вилояти Асака туманидаги “Амир Темур”, “Кадрят”, “Узбекистон”, “Хамдустлик”, “Шодлик” ва “Камолот”, Олтинкўл туманидаги “Марказ”, “Далварзин”, “Мадиярчек”, “Оқтепа”, “Сарой”, “Ўрта” ва “Сувюлдуз”, Шаҳрихон туманидаги “Муллабой”, “Бешариқ”, “Янги Ҳаёт”, “Ортиш”, “Қашқар”, “Қоракўрпа” ва “Навбахор”, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Қапчуғай”, “Азимобод”, “Бозорбоши”, “Ғайрат” ва “Шарқ”, Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги “Халқабад”, “Қуёшли”, “Бахтли” ва “Гужум терек”, Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Сарбозор”, “Саловат”, “Иймон”, “Олтиўғил”, “Турон”, “Истиқлол” ва “Навруз”, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Бўстон”, “Навоий”, “Наврўз”, “Ибн Сино”, “Ҳайробод”, “Боботоғ”, “Бобур”, “Кўклам” ва “Дўстлик”, Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги “Ангариқ” маҳалласи ҳамда бошқа маҳаллаларда яшовчи фуқаролар иштирок этди.
Очиқ мулоқотлар давомида иштирокчиларга аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, “ҳимоя ордери”дан самарали фойдаланиш, ижтимоий ҳимоя, меҳнат миграцияси, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш, кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, тиббий суғурта, пенсия таъминоти, ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Тадбирлардан сўнг Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан сайёр қабуллар ҳам ўтказилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси аҳоли билан давлат органлари ўртасида очиқ мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга манзилли ёндашишга хизмат қилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






