Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Конституциявий суд мажлисида маъмурий ушлаб туриш муддатига оид норма конституциявийлиги кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Конституциявий судга мурожаат киритилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлаш сўралган эди.

Мазкур масала Омбудсманга келиб тушган фуқаролар мурожаатлари таҳлили асосида кўтарилди. Хусусан, 2025–2026 йиллар давомида шахсларни қонунга хилоф равишда 48 соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш ҳолатларидан норозилик билдирилган 6 та мурожаат келиб тушган.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмига кўра, чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахсни ҳуқуқбузарнинг шахси ва ҳолатларини аниқлаш зарурати бўлганда, прокурорга ёзма равишда хабар берган ҳолда уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаса, прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб туриш имконияти назарда тутилган.

Айни пайтда, Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмида шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган. Бу шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим конституциявий кафолат ҳисобланади.

2026 йил 22 сентябрь куни Конституциявий суд мазкур масалани кўриб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмида белгиланган уч суткагача ва ўн суткагача маъмурий ушлаб туриш муддатлари Конституциядаги 48 соатлик чегарадан ортиқ экани, шунингдек шахсни бундай муддатга ушлаб туриш учун суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаганига эътибор қаратди.

Муҳокама якунлари бўйича Конституциявий суд шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмида белгиланган кафолатларга зид, деган хулосага келди.

Шунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмидаги шахсларни уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб туришни назарда тутувчи норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас деб топилди.

Конституциявий суд қарорида яна бир муҳим масалага — шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туришда прокурорни хабардор қилиш ёки унинг санкциясини олиш суд қарорининг ўрнини босмаслигига алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати