Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Мурожаатлар таҳлили асосида Ангренда “Омбудсман мактаби” ўтказилди
2026 йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент вилоятининг марказдан нисбатан олис ҳудудларидан бири — Ангрен шаҳрида навбатдаги “Омбудсман мактаби” ўтказилди. Очиқ мулоқотда Ангрен шаҳрининг “Мирзо Улуғбек”, “Обод”, “Навбаҳор”, “Янгиобод”, “Оппартак” маҳаллалари фуқаролари иштирок этди.

Таҳлиллар Ангрен шаҳридан Омбудсманга мурожаатлар оқими ошганини кўрсатмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида шаҳардан 106 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмидаёқ улар сони 99 тага етган. Яъни ярим йиллик кўрсаткич ўтган йилги жами мурожаатларнинг қарийб 93 фоизини ташкил этган. Мазкур динамиканинг сабабларини жойида ўрганиш, аҳолини энг кўп ўйлантираётган масалаларни бевосита эшитиш ва уларга ечим топишда тегишли идоралар иштирокини таъминлаш мақсадида Ангрен шаҳрида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мурожаатларда, асосан, ижтимоий ва моддий ёрдам, уй-жой ва коммунал хизматлар, меҳнат ҳуқуқлари, кредит ва банк муносабатлари, фирибгарлик, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар кўтарилган.

Шу боис тадбирга фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган масалаларга бевосита дахлдор давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари жалб этилди. Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси вакили аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун мавжуд имкониятлар ҳақида, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти вакили эса давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби бўйича тушунтириш берди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги вакили иштирокида кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, хусусан, шахсга доир маълумотларни қўлга киритиш орқали банк карталаридаги маблағларни ўзлаштириш ва ҳисоб рақамларига киберҳужумлар уюштириш каби ҳолатлардан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича бевосита мутасаддиларга саволлар бериб, ҳуқуқий тушунтиришлар олишди. Кўтарилган масалаларни ваколатли идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.

Қайд этиш лозимки, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсманга жами 10 468 та мурожаат келиб тушганди. Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижасида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган маблағлар 26 млрд 849 млн сўмни ташкил этди. Шундан 25 млрд 937 млн сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид. Шунингдек, қарздорлик, соғлиққа етказилган зарар, моддий ва маънавий зарар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар билан боғлиқ мурожаатлар бўйича 304,6 млн сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилди. Омбудсман сўровлари асосида хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 435,9 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати