Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда Омбудсман ва Конституциявий суднинг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди  
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, адолатга бўлган ишонч ва Конституцияда кафолатланган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш зарурати туради.

2026 йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан “Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда Омбудсман ва Конституциявий суднинг ҳамкорлигини кучайтириш”  мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.   

Конференциядан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш механизмларини янада такомиллаштириш, Конституциявий суд ва Омбудсман институти ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибаларни муҳокама қилишдан иборат.

Тадбирда Конституциявий суд судьялари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Адвокатлар палатаси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Бош прокуратура Академияси вакиллари, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси ҳамда Илмий-маслаҳат кенгашлари аъзолари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова кириш сўзида фуқаролар мурожаатлари давлат органлари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий манба эканини, уларни чуқур таҳлил қилиш орқали қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш мумкинлигига эътибор қаратди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов Конституциянинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва мурожаатларда кўтарилаётган тизимли масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этишда Конституциявий суд ва Омбудсман ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

 “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга биноан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам белгиланган.  

Маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси  Конституциявий суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти асосий вазифаси – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат.

Конституциявий суд ва Омбудсман ҳамкорлигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конституциявий назоратни такомиллаштириш ва Конституция нормаларини амалиётга самарали татбиқ этишга бағишланган қатор илмий-амалий анжуманлар ва давра  суҳбатлари ташкил этилди. Омбудсман ва унинг вакиллари Конституциявий суднинг очиқ суд мажлисларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. 

Бу каби ҳамкорлик нафақат икки институт ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, балки мамлакатимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Конференция давомида иштирокчилар томонидан Конституциявий суд ва Омбудсман институтининг ўзаро ҳамкорлиги, мурожаатлар таҳлили асосида конституциявий назорат механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат Конституциявий суд ва Омбудсман ўртасида фуқаролар мурожаатлари бўйича ахборот алмашинувини янада тизимлаштириш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўшма таклифлар ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қўшма илмий-тадқиқот олиб бориш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

 

Конституциявий суд ва Омбудсман институтининг яқин ҳамкорлиги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилиш, Конституциянинг устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати