Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Женевада Ўзбекистон ташаббуси билан рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Омбудсмани тажрибаси ва халқаро амалиётга бағишланган сайд-ивент ўтказилди
2026 йилнинг 31 март куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсининг 2026 йилги йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан “Рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон Омбудсмани тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида сайд-ивент ўтказилди. Унда 20дан ортиқ хорижий давлатлар Омбудсманлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Бугун биз жадал ривожланаётган рақамли жамият шароитида яшамоқдамиз, бунда виртуал макон инсон кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Жамиятни рақамлаштириш — бу шунчаки технологияларни жорий этиш эмас, балки турмуш тарзи, тафаккур ва ижтимоий муносабатларнинг чуқур трансформациясидир. Ва у янги имкониятлар билан бирга янги муаммолар ва таҳдидларни ҳам олиб келмоқда.

Жумладан, улар қаторига – онлайн маконда камситиш ва зўравонликни ўсиши, шахсий маълумотларга ҳужумлар, дезинформация тарқалиши, сунъий интеллектнинг қарор қабул қилиш жараёнларига таъсири ва интернет тармоғида деструктив контентнинг тарқалиши ҳам киради.

Рақамли муҳит жадал суръатларда ўсиб бораётган шароитда, онлайн маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи асосий масалалардан бирига айланмоқда. Бунда инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда миллий инсон ҳуқуқлари миллий институтлари фаолиятини рақамли муҳитга мослаштириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, онлайн маконда камситиш ва зўравонликни олдини олиш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда рақамли механизмлардан фойдаланиш, шунингдек сунъий интеллект билан боғлиқ янги чақириқлар муҳокама қилинди.

Сайд-ивентнинг асосий мақсади турли минтақалардаги инсон ҳуқуқлари миллий институтлари ўртасида илғор тажриба алмашиш, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий ёндашувлари, шунингдек, Ўзбекистон Омбудсмани тажрибасининг илғор ташабусларини муҳокама қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Хусусан, Сайд-ивентни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова очиб бериб, мамлакатимизда рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Омбудсманининг ўз фаолиятида замон билан ҳамнафас ҳолда, жамиятнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини изчил жорий этаётганлиги тўғрисида маълумот берди.

Тадбирда Озарбайжон, Италия, Словакия омбудсманлари, Зимбабве Инсон ҳуқуқлари комиссияси, халқаро ташкилотлар ва БМТ тизими экспертлари, жумладан, Justice pour Tous Internationale (JPTi) ташкилоти иштирок этиб, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид илғор ёндашув ва амалиётлар билан бўлишди.

Мазкур мулоқот майдони дунёнинг 4 қитъасидан (Осиё, Европа, Африка ва Австралия) келган инсон ҳуқуқлари миллий институтлари ва халқаро экспертларни бирлаштириб, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.

Тадбир якунида рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилишни миллий даражада кучайтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда миллий институтлар ўртасида доимий мулоқотни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати