Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мактаби: ҳудудларда фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича очиқ мулоқотлар ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ҳудудларда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда фуқаролар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, сайёр қабуллар орқали уларнинг мурожаатлари тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилмоқда.

Навбатдаги очиқ мулоқотлар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ўтказилди. Дастлаб, мурожаатлар таҳлил қилиниб, ҳар бир ҳудуд учун долзарб масалалар аниқланди ва тегишли масъул идора вакиллари жалб этилди.

Тадбирлар давомида 1000 нафардан ортиқ фуқаро қамраб олинди. Жумладан, Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Лойиш”, “Мустақиллик”, “Наврўз”, “Янгиобод”, “Ўзбекистон”, “Оқдарё”, “Темирак”, “Бобур”, “Зарафшон”, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги “Найманкўл”, “Сарайкўл”, “Кенегес”, Тошкент вилояти Пискент туманидаги “Мўминобод”, “Митан”, “Навоий”, “Бирлик” ҳамда бошқа маҳаллаларда яшовчи фуқаролар иштирок этди.

Учрашувлар давомида иштирокчиларга кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳуқуқий тартиб-таомиллар, шунингдек бошқа масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Очиқ мулоқотлардан сўнг, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларининг сайёр қабуллари ҳам ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги Бухоро давлат университети, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги 1- ва 2-сонли техникум, Андижон вилояти Хўжаобод тумани техникуми ҳамда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 3-сонли техникумида ҳам “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилди.

Мазкур учрашувларда ўқувчи ва талабаларга ёшларга оид давлат сиёсати, улар учун яратилган имкониятлар ва ҳуқуқий кафолатлар ҳақида маълумот берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати