Ушбу тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ташкил этилди. Жойларда аёллар учун мобил “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” орқали манзилли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.
Тадбирлар давомида жами 80 нафарга яқин зўравонликка учраган аёллар билан якка тартибда иш олиб борилди. Уларнинг мурожаатлари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, мавжуд имтиёзлар ва давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам чоралари ҳақида маълумотлар етказилди. Шунингдек, аёлларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш ва ижтимоий мослашувига кўмаклашиш мақсадида профессионал психологлар томонидан алоҳида машғулотлар ўтказилди.
Ишлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармалари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик органлари, ички ишлар органлари ҳамда бошқа мутасадди тузилмалар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида:
- зўравонлик содир этган 2 нафар шахс билан алоҳида профилактик иш олиб бориш бўйича чоралар белгиланди;
- 2 нафар аёл ўзини-ўзи банд қилиши учун грант асосида тикув машиналари билан таъминланди;
- 3 нафар аёл ишга жойлаштирилди, 2 нафарига иш таклиф қилинди;
- 3 нафар аёлга даволаниш учун тиббий йўлланмалар берилди;
- 4 нафар аёл касбга йўналтириш дастурлари бўйича ўқишга юборилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






