Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Бухорода: маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари  жойига чиқиб ўрганилмоқда, маҳкумлар учун кенгайтирилган тиббиёт пункти ишга тушди, Махсус қабулхонадаги сиғим муаммоси ҳал этилмоқда
2025 йилнинг 28 ноябрь куни Омбудсман бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Бухородаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жараёнларда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Дастлаб, Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган 1-сон Жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрилди. 1700 маҳкумга мўлжалланган мазкур колонияда тиббиёт пунктининг кичиклиги сабаб, маҳкумларни тиббий хизматдан фойдаланишида қийинчиликлар кузатилган.

Омбудсман сўровига асосан, ушбу муассасада 24 ўринга мўлжалланган, кенгайтирилган тиббиёт пунктини ташкил этиш учун маблағ ажратилди ва бугун мазкур тиббиёт пунктининг очилиши бўлиб ўтди.

Ташриф давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш шароитлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналар ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Ушбу муассасада сақланаётган маҳкумлар Омбудсманнинг шахсий қабулини сўраб мурожаат қилишган эди. Шу сабабли мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди. Маҳкумларнинг турли масалалардаги мурожаатлари қабул қилинди. Шунингдек, “Омбудсман қути”сига ташланган мурожаатлар ўрганиш учун олиб кетилди.

Кейинги манзил вилоятдаги ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонаси бўлди. Қайд этиш лозимки, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессиясида ушбу Махсус қабулхонада белгиланган сиғимдан анча кўп шахслар сақланаётгани муносабати билан қўшимча бино қурилишига эҳтиёж борлиги бўйича таклиф берилган эди. Ушбу таклиф инобатга олиниб, бино учун маблағ ажратилган  ва ҳозирда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, 26 ва 27 ноябрь кунлари Омбудсман Девони ходимлари томонидан Реабилитация маркази, 17-сон жазони ижро этиш колонияси, Бухоро шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиали, мастлик ҳолатидаги шахслар сақланадиган пункт, Руҳий асаб касалликлари клиникаси, 4-сон тергов ҳибсхонаси, Аёллар мурувват уйи ва Бухоро вилояти Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида шароитлар ўрганилган.

Мониторинг ташрифларида муассасалардаги ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш жойлари, кутубхона, спорт зал, тўгараклар хонаси, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хонаси, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шароитлар ҳамда муассасаларга ўрнатилган ҳудудлардаги видеoкузатув камералари ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати