Амалдаги тартибга кўра, бугунги кунда тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган шахслар камида 1 соат сайр қилиш ҳуқуқига эга. Қонун лойиҳасида эса бу имкониятни камида 2 соатга ошириш, шунингдек, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида қўшимча равишда кийим-бош ва пойабзал олиш ҳуқуқини кенгайтириш таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, амалда тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган шахслар ҳар ойда 635 500 сўмгача озиқ-овқат ва зарур буюмлар ҳарид қилиши мумкинлиги белгиланган. Лойиҳада амалдаги мазкур рухсат этилган маблағ миқдорини 1 271 000 сўмгача ошириш назарда тутилмоқда.
Ўрганиш давомида ҳибсхонадаги техник шароитлар ҳам ўрганилди. Жумладан, муассасада электрон магазин киоскалари ўрнатилган бўлиб, маҳбуслар FACE ID орқали ўз шахсий аккаунтига кириб, бозор нархларида озиқ-овқат ва хўжалик товарларини харид қилиш имкониятига эга эканлиги маълум қилинди. Бу эса харид лимитини ошириш амалиётда муаммосиз жорий этилиши мумкинлигини кўрсатади.
Депутатлар маҳбусларнинг яқинлари билан ҳам суҳбат ўтказдилар. Уларнинг таъкидлашича, харажат лимитини ошириш айниқса, узоқ ҳудуддан келадиган оилалар учун қулайлик яратади.
“Мен Андижондан келяпман. Агар ойлик лимит ошса, ҳар сафар йўлга чиқишга ҳожат қолмасди, вақт ҳам, маблағ ҳам тежалади”, — дейди фуқаролардан бири.
Депутатлар, шунингдек, марказий тергов ҳибсхонасини ўрганиш давомида маҳбусларни қабул қилиш, тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, сайр майдонларининг ҳолати, яқинлари томонидан олиб келинадиган юкларни рентген аппарати орқали текшириш жараёни билан ҳам яқиндан танишдилар.
Қайд этиш лозимки, Марказий ҳибсхонада 1500 минг ўринга мўлжалланган янги бино ҳам қурилмоқда ва ундаги сайр қилиш жойлари хорижий тажрибаларга мослаштирилган.
Ўрганиш давомида депутатлар тергов ҳибсхонасига олиб келинган шахсларни қандай қабул қилиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби билан ҳам танишдилар. Шунингдек, сайр қилиш учун ажратилган майдонлар, маҳбусларнинг яқинлари томонидан олиб келинган йўқловларни қабул қилиш жараёнлари ренгтген аппарати орқали кўрикдан ўтказилишига гувоҳ бўлишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






