Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Конституциявий суд, Олий суд судьялари, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари вакиллари, Омбудсман ходимлари, Омбудсман ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, тадбирда Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссияси раиси Татьяна Москалькова ҳам иштирок этди. У давра суҳбатида ўз фаолиятининг асосий йўналишлари ва эришилган натижалари тўғрисида маълумот берди. Бундай очиқ тажриба алмашув формати ҳар икки институт учун самарали ахборот майдонини яратиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги амалий ёндашувларни ўрганиш имконини берди.
Мулоқот чоғида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатлари, жамоатчилик назорати, маҳкумлар, мигрантлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашдаги механизмлар, мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти ва фуқароларга яқинлашув сингари масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир чоғида таъкидландики, Омбудсман институти сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда таъсирчан ва амалий ечим таклиф қила оладиган миллий механизм сифатида шаклланди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролар, хорижий давлат фуқаролари ва ташкилотлардан жами 9800 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, давлат органларига 100 дан зиёд таъсир чоралари — тақдимномалар, талабномалар ва даъволар киритилган. Фуқаролар манфаатида 3,8 миллиард сўмдан ортиқ моддий маблағ ундирилиши таъминланган. Шунингдек, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, қисм, жазони ижро этиш ва мажбурий даволаш муассасаларига 491 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлиб, бу 2024 йилнинг мос даврида 452 маротабани ташкил этган.
Тадбир якунларида Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қўшма мониторинглар, мигрантлар ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, фуқаролар мурожаатларини биргаликда кўриб чиқиш, ахборот ва илмий-тадқиқот алмашинуви, шунингдек миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган йўналишлар назарда тутилган.
Йўл харитаси икки томонлама очиқ мулоқот, ишончли ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда умумий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати