Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятлар тенглигини таъминлаш етим болалар ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминланишининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчи болалари ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг дахлдорлик туйғусини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Жамиятда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таълимига бўлган эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билимларини оширишга қаратилган мазкур лойиҳа “1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан жорий йилнинг май ойида старт олган эди.
2 босқичдан иборат ушбу Викторинада Тошкент шаҳрида жойлашган Меҳрибонлик уйларининг 100 нафарга яқин тарбияланувчилари қамраб олинган. Хусусан, шаҳримиздаги 22 ва 30-сонли Меҳрибонлик уйларининг ўзбек ва рус тилларида таълим олувчи юқори синф ўқувчилари викторинанинг 1-босқичида иштирок этишган.
Омбудсман викторинасининг якуний босқичида тестлардан энг юқори балл тўплаган 10 нафар ўқувчи иштирок этди.
Иштирокчилар белгиланган вақт ичида берилган назарий ва ҳаётий воқеалардан келиб чиқиб тузилган амалий саволларга жавоб беришди.
Дастлаб Викторинанинг финал босқичига етиб келган 6 нафар иштирокчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан берилган баллар асосида аниқланган ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши, шунингдек, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати