Лойиҳа доирасидаги очиқ мулоқот 2025 йил 5 июнь куни Фарғона вилояти Қува туманида жойлашган 19-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилди.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Омбудсманга вилоят фукароларидан 1140 та, 2025 йилнинг 1-чорагида эса 176 та мурожаат келиб тушган. Айнан Қува туманидан келиб тушган мурожаатларда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, уй-жой, алимент, фирибгарлик, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари кўтарилган.
Шундан келиб чиқиб, тумандаги “Қайирма”, “Сўфи”, “Раста”, “Тахтакўприк” ва “Тинчлик” маҳалларида яшовчи 200 нафарга яқин фуқаро қамраб олинган тадбир ушбу масалаларга бағишланди.
Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда аҳолига сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиш, уй-жой, субсидия масалалари, пенсия, ижтимоий нафақа ва компенсация тўловларини тайинлаш тартиби, аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар ҳамда бепул юридик ёрдам олиш бўйича қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.
Ўзаро савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда аҳоли томонидан кўтарилган масалалар бўйича ҳам ҳуқуқий тушунчалар берилди.
“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида Омбудсман Феруза Эшматованинг сайёр қабули ҳам ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати