Мурожаатда, фуқаролар 15 йилдан буён “Асака Дон Махсулотлари” АЖнинг Тегирмон цехида турли вазифаларда ишлаб келишган. Бироқ иш берувчи томонидан 2025 йил январь ойида такроран ходимлар билан меҳнат шартномаси асоссиз равишда бекор қилинган.
Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат унинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, жамият раҳбари томонидан мазкур фуқароларга нисбатан асоссиз ишдан бўшатиш ҳолати 2024 йил сентябрь ойида ҳам амалга оширилган бўлиб, суд қарори орқали мурожаатчилар ишга тикланишга эришишган. 3 ойдан сўнг иш берувчи ташаббусига кўра ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси қайта бекор қилинган. Бунга ишчиларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини 1 марта қўпол равишда бузганлиги асос қилиб келтирилган.
Ишга тааллуқли ҳужжатлар кўриб чиқилиши натижасида мурожаатчиларга нисбатан жамият раҳбари томонидан кўрсатилган айбловлар асоссиз деб топилиб, Омбудсман томонидан фуқаро Г.И. манфаатида ишга тиклаш бўйича судга даъво аризаси киритилди. Шунингдек, қолган 2 нафар мурожаатчига ҳам ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқий ҳамроҳлик қилинди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан мурожаатчилар аввалги ишлаган лавозимига ишга тикланиб, мажбурий прогул кунлари ва етказилган маънавий зарар учун жами 37 миллион сўм фуқаролар фойдасига ундирилиши белгиланди. Шунингдек, иш берувчи зиммасига давлат фойдасига жами 5,8 млн сўм давлат божи тўлаш мажбурияти ҳам юклатилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати