Шунга кўра, 2025 йилнинг 29-31 май кунлари Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари томонидан Қашқадарёдаги қатор пенитенциар муассасалар, жумладан, Қарши, Косон, Қамаши, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туман ва шаҳарларида жойлашган вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари, маъмурий қамоқхоналар, хушёрхоналар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда реабилитация марказларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Мониторингда шунингдек, сенатор ва депутатлар, Омбудсман Котибияти ходимлари ҳамда “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси, “Юксалиш” ҳаракати, “Мадад” ННТ ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Косон туманидаги 10-сонли Жазони ижро этиш колониясига ўтказилган мониторинг ташрифи давомида муассасанинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, колониядаги "Омбудсман қути"лари кўздан кечирилди.
Маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувга келган уларнинг яқинлари билан ҳам суҳбатлашилди ва уларнинг фикрлари ўрганилди.
Колониядаги ишлаш қобилиятига эга бўлган маҳкумлар ғишт заводи, тикувчилик, мебель ва бошқа цехларида ишга жалб этилган. Ногиронлиги бор шахслар, бетоблар ва кекса маҳкумлар ишга жалб этилмайди. Мониторингларда маҳкумларнинг меҳнат шароитларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг, Қарши шаҳридаги Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонадаги шароитлар ўрганилди. Унда Махсус қабулхонада сақланаётганлар учун сайрга чиқиш жойлари, уларнинг шахсий буюмларини сақлаш ва қайтариб бериш, тиббий хизматдан фойдаланиш хоналари ҳамда ошхона ва кунлик меню кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, Омбудсман ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда мазкур колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Омбудсман бошчилигида Қашқадарё вилоятидаги ёпиқ муассасаларга ўтказилган мониторинг ташрифларида ушбу муассасаларга ўтказилган аввалги ўрганишларда аниқланган камчиликларнинг бартараф этилганига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиш лозимки, 2024 йилда ўтказилган мониторингларда Қарши ва Косон туманлари ички ишлар бўлимларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида шахсларни сақлаш шароитлари белгиланган меъёрий талабларга жавоб бермаслиги кузатилганди. Омбудсман тақдимномасидан сўнг, Қарши туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилиб, сақланаётган шахслар капитал таъмирланган Касби туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилган. Бошқаларида эса камералардаги ёруғлик, санитария ва иситиш тизимлари яхшилангани маълум қилинган. Шунингдек, 3 нафар ходим ишдан бўшатилиб, 9 нафарига интизомий чоралар кўрилган.
3 кун давомида Қамаши тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Қашқадарё вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази, Шаҳрисабз шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва маъмурий қамоқхонаси, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси — мастлик ҳолатидаги шахсларни сақлаш хоналари, Косон тумани тиббиёт бирлашмаси — мастлик ҳолатидаги шахсларни сақлаш хоналари, Қарши шаҳридаги 2-сонли ва 3-сонли жазони ижро этиш колониялари ҳамда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларидаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Шунингдек, Омбудсман тавсиясига кўра, Қамашидаги 34- сон манзил колонияси қайта таъмирланиб, узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилганига гувоҳ бўлинди.
Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати