Омбудсман талабаларни ўз фаолияти, хусусан, мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган мониторинглар, жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшлар билан суҳбатлар каби фаолият йўналишлари билан таништирди.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда мамлакатда 132 298 та жиноят қайд этилган бўлиб, уларнинг катта қисми — 59,4 фоизи ёшлар томонидан содир этилган. Бу эса ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарурлигини кўрсатади.
Учрашувда Омбудсман томонидан ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари давомида маҳкум ёшларнинг чин дилдан афсусланиши, эртага жамиятга муносиб фуқаро бўлиб қайтишга интилаётгани таъкидланди. Шу боис, ёшларга тўғри йўлни танлашда кўмаклашиш, уларни ҳуқуқий билим ва фаол фуқаролик позицияси билан қўллаб-қувватлаш жамиятнинг долзарб вазифаларидан биридир.
Шунингдек, учрашувда ёшларга оид давлат сиёсати, таълим, бандлик ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга доир имконият ва имтиёзлар, ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқий асослар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашув якунида эса университетда “Омбудсман клуби”ни ташкил этишга келишиб олинди. Ушбу клуб ёшларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, мурожаатларни ўрганиш ва ҳуқуқий таҳлил ишларида тажриба орттириш имконини беради.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати