Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2025 йилнинг 13 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш йўлларини такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида парламент аъзолари, давлат органлари ва идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқ фаоллари, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш” лойиҳаси экспертлари ҳамда Омбудсман Котибияти ходимлари офлайн ва онлайн форматларда иштирок этди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад- мамлакатимиз аҳолисининг ҳуқуқий эҳтиёжларини ҳар томонлама ўрганиш, муаммоли йўналишларини аниқлаш ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўналишида фаолият олиб борувчи давлат идоралари, нодавлат ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар учун тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Омбудсман институти томонидан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида бир қатор амалий ташаббуслар йўлга қўйилди. Жумладан, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги маҳаллаларда “Омбудсман мактаби”, мактабларда эса “Омбудсман соати” лойиҳалари изчил амалга ошириб келинмоқда.

Бу ташаббусларнинг ўзига хос жиҳати — улар фақат умумий мавзулар асосида эмас, балки келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили орқали аниқланган масалалар асосида ташкил этилади. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар орқали тегишли мутахассислар ва мутасаддилар иштирокида ҳуқуқий тушунтиришлар берилади. Амалий натижалар шундан далолат берадики, бундай тарғибот ишлари ўтказилган ҳудудларда мурожаатлар сони сезиларли камаймоқда. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошиб бораётганини, фуқаролар ечимни мурожаатдан олдин топаётганини кўрсатади.

Тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда Омбудсман минтақавий вакилларининг ўрни, аҳолининг ҳуқуқий эҳтиёжлари юзасидан олиб борилган ўрганишлар, зўравонлик ва одам савдосидан жабрланганларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз борди.

Республика миқёсида ўтказилган сўров натижаларига кўра, сўнгги икки йил давомида фуқаролар энг кўп дуч келаётган муаммолар ижтимоий таъминот, турар-жой масалалари, молиявий барқарорлик ва иш билан таъминлаш соҳаларидир. Бу муаммолар Конституцияда белгиланган бир қатор асосий ҳуқуқлар — яъни ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқ, турар-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи, меҳнат қилиш ва адолатли шароитларда ишлаш ҳуқуқи ҳамда молиявий хавфсизликка оид кафолатлар билан бевосита боғлиқдир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу муаммоларни ҳуқуқий йўл билан ҳал этишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси етарли эмаслиги асосий тўсиқ сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар ўртасида ҳуқуқий хабардорликнинг паст даражада экани фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларини чекламоқда.

Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш — фақат давлат органлари эмас, балки фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган умумий вазифадир. Чунки фуқароларга ўз ҳуқуқ ва имкониятларини англатиш, уларни қонуний ечимлар билан таъминлаш — инсон қадрини юксалтиришнинг асосий шартларидан биридир.

Шундан келиб чиқиб, тадбирда ушбу масалалар бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган муҳим йўналишлар белгилаб олинди ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий институтларга ишончини мустаҳкамлаш бўйича муҳокамалар олиб борилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати