Ташрифлар давомида Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонаси, Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий вилояти филиали, Фарғона вилоятида жойлашган 10-сон тергов ҳибсхонаси, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Андижон вилояти филиали, Сирдарё вилояти Ҳовос қўрғонида жойлашган 8-сон тергов ҳибсхонаси, Сурхондарё вилоятидаги муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази, махсус қабулхона ва Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё вилояти филиали, Наманган вилояти Поп туманидаги 6-сон Жазони ижро этиш колонияси ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сон Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонасидаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинглар давомида сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш, дори воситалари ва озиқ-овқат захиралари, учрашув хоналари, сайилгоҳлар, савдо дўконлари ҳамда иссиқлик таъминоти каби шарт-шароитлар ўрганилди. “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган ва фуқаролар мурожаатлари асосида якка ва жамоавий суҳбатлар ташкил этилди.
Мониторинг пайтида келиб тушган мурожаатлардан бири — Андижон вилоятидаги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида яшовчи шахснинг тиббий ёрдам сўрови бўлди. У кўзини кўрикдан ўтказиш ва тиш протези қўйдиришда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, тезкор ўрганилди. Натижада, мурожаатчи вилоят кўз касалликлари шифохонасида чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилди, жарроҳлик амалиёти тавсия қилинди. Ҳозирда марказ шифокорлари томонидан жарроҳлик амалиётига тайёрлаш учун даволаш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, унга Асака шаҳрида жойлашган МЧЖ стоматолог мутахассислари томонидан тиш протези қўйиб берилди.
Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари киритилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати