Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олиниб, ҳолатга доир маълумотлар ўрганилмоқда.
Омбудсманга маълум қилинишича, Т. Хаитов Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2025 йил 24 февралдаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбли деб топилган ва унга 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. У Термиз шаҳридаги маъмурий қамоқхонага олиб борилаётган вақтда соғлиғининг ёмонлашгани сабабли Сариосиё туман тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Бироқ тиббий ходимлар унинг вафот этганини маълум қилишган.
Сариосиё туман суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳум юрак ишемик касаллиги, инфаркт миокарди, юрак аневризми ва юрак тампонацияси оқибатида вафот этгани қайд этилган. Шунингдек, унда пиелонефрит ва артеросклероз асоратлари мавжуд бўлган. Экспертиза кўриги вақтида унинг баданида бирор-бир тан жарохатлари ва уларнинг излари аниқланмаганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё туманпрокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Омбудсман томонидан сўров юборилди.
Омбудсман терговга қадар текширув давомида мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати