Мазкур тадбир инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро боғлиқликни акс эттириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва фуқароларнинг тоза муҳитда яшаш ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, тадбирда хорижий давлатларнинг Омбудсманлари, миллий институтлар, ваколатли давлат органлари ва халқаро ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Конрад Аденауер ҳамда Фридрих Эберт жамғармалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Жумладан, Австрия, Венгрия, Италия, Марокаш, Молдова, Мўғулистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Польша, Сербия, Туркия, Уммон, Финляндия, Қатар, Қирғиз, Қозоғистон, Таиланд Тожикистон, Туркманистон Омбудсман институтлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, Халқаро Омбудсман Институти, Европа Омбудсман Институти ҳамда Осиё Омбудсманлар Ассоциацияси вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, тадбирда депутат ва сенаторлар, Болалар омбудсмани, Бизнес омбудсман, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашишди.
Халқаро конференцияни очиб берган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсман институтининг ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталишди.
Таъкидланишича, 1995 йил 23 февралида Омбудсман институти МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб жорий этилди. Ўтган давр мобайнида бевосита фуқаролар мурожаатлари билан ишловчи Омбудсман фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ва самарали механизмлари тадбиқ қилинди. Вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди ва фуқароларга қўшимча қулайликлар яратилди. 2022 йилдан Обудсманнинг минтақавий вакилларининг доимий асосда иш бошлади ва бу мурожаатларни жойида тезкорлик билан хал этилишига ҳизмат қилмоқда. Қолаверса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Аҳамиятлиси, Омбудсман фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳукумат эътиборини қаратиб келмоқда.
Конференция доирасида иштирокчиларга “Ўзбекистон Омбудсмани 30 ёшда” номли китоб тақдим этилди. Ушбу китоб – фақат тарихий манба эмас, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим жараёнларни ёритувчи таҳлилий йўлхарита ҳамдир. Унда Омбудсман институтининг ташкил этилиш тарихи, ривожланиш босқичлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги тагаббуслари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Маълумки, бугунги кунда экологик вазиятнинг кескин ўзгариши, ҳаво ва сув ресурсларининг ифлосланиши, тупроқнинг эрозияга учраши ва чўлланиш жараёнларининг кучайиши инсониятга жиддий таъсир ўтказмоқда. Биохилма-хиллик, ерости бойликлар ва ўрмонларнинг камайиб бориши табиий мувозанатни издан чиқишига сабаб бўлаётган омиллардандир.
Бу эса нафақат атроф-муҳитга, балки инсонларнинг кундалик ҳаёти, соғлиғи ва меҳнат шароитларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши сир эмас.
Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Ҳозирги кунда экологик вазиятнинг кескин ўзгариши, ҳаво ва сув ресурсларининг ифлосланиши, тупроқ эрозияси ва чўлланиш жараёнлари инсониятга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Конференцияда мазкур муаммолар ва уларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири муҳокама қилинди.
Сессиялар давомида муҳокама қилинган масалалар:
-Тоза ва қулай атроф-муҳитни таъминлашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
-Халқаро ва минтақавий ҳужжатларнинг ролини мустаҳкамлаш;
-Туркия, Венгрия, Монголия, Италия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Қатар, Марокаш, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатлар тажрибалари;
-Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш.
Тадбир доирасида Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланади ва тадбир якунида Тошкент резолюцияси қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати