Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Андижон, Бухоро, Хоразм, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди
Жорий ҳафтада Омбудсманнинг Андижон, Бухоро, Хоразм, Наманган ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакиллари томонидан бир қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказилди.

Ташрифлар давомида Андижон шаҳридаги 3-сон тергов ҳибсхонаси, Қўрғонтепа туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Бухоро вилоятидаги 20-сон жазони ижро этиш колонияси, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилоят филиали, Хоразм вилоятидаги 11-сон тергов ҳибсхонаси, Поп туманидаги 6-сон жазони ижро этиш колонияси ҳамда Тошкент вилоятида жойлашган 7 ва 13-сонли жазони ижро этиш колонияларидаги шароитлар ўрганилди.

Мониторинглар давомида ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, тергов ва адвокатлар хонаси, кутубхона, сайилгоҳ, тинтув хонаси, учрашув хоналари, меҳнат ва касб-ҳунар ўрганиш имкониятлари, озиқ-овқат ва дори-дармон таъминоти ҳамда видео кузатув камералари ҳолати кўздан кечирилди.

Шунингдек, маҳкумлар ва бошқа сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари эшитилди. Ёпиқ муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар ҳам назоратга олинди.

Тошкент вилоятидаги 13-сонли жазони ижро этиш колониясида сақланаётган маҳкум Омбудсманга ногиронлик аравачаси билан таъминлаш бўйича мурожаат қилган эди. Куни кеча ушбу муассасага амалга оширилган мониторинг ташрифи доирасида маҳкум билан учрашув ўтказилиб, унинг мурожаати жойида ҳал этилди.

Аниқланишича, II-гуруҳ ногирони бўлган маҳкум 2015 йилдан буён оғир суяк-буғим касаллиги билан курашиб келмоқда ва юриш учун ҳатто таянч ҳасса ҳам ёрдам бермаётгани маълум бўлди. Шу сабабли, Омбудсман томонидан уни ногиронлик аравачаси билан таъминлаш чораси кўрилди.

Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари киритилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати