Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишларида кўриб чиқилди
2025 йилнинг 10 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, “Адолат” СДП ҳамда ЎзЛиДеП фракциялари йиғилишларида эшитилди.

Маърузада қайд этилишича, 2024 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар сони 23 422 тани ташкил этган.

Фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича ўтказилган таҳлиллар ҳамда мониторинг ташрифлари якунлари бўйича Парламент палаталарига  9 та таҳлилий маълумот, Вазирлар Маҳкамасига  5 та таҳлилий маълумот, давлат органлари ва ташкилотлари ва судларга тақдимнома, хулоса, даъво аризаси, талабнома шаклидаги 182 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган.

Маърузада келтирилича, Омбудсман томонидан киритилган таъсир чоралари натижасида фуқаролар манфаатида жами 4,12 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. Шунингдек, ўз фаолиятига масъулият билан ёндошмаган қатор давлат ташкилотлари ва идоралари ходимларининг 67 нафарига “хайфсан” берилган, 8 нафарига жарима қўлланилган, 7 нафари эса  лавозимидан озод этилган.

Тадбирда депутатлар 2024 йилда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ombudsman.uz мобил иловаси ишга туширилганига алоҳида эътибор қаратишди. Мазкур иловада ОneID идентификация тизими орқали тез ва осон рўйхатдан ўтиш, мурожаат юбориш ва жавоб хатларини олиш, онлайн маслаҳат, янгиликлар ва статистик маълумотлардан хабардор бўлиш имконияти яратилган.

Мунозаралар давомида фракциялар аъзолари томонидан берилган саволларга тегишли жавоблар олиниб, Омбудсманнинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси маъқулланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати