Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг жисмоний имконияти чекланган, лекин маънавияти юксак, руҳи эса жуда кучли ва матонатли. Афсуски, ногиронлиги бўлган шахслар кўпинча ишлаш, таълим даражасини ошириш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Ҳозирги пайтда уларнинг сони жаҳон миқёсида таҳминан 1 миллиард нафарни ташкил этади. Аксарият ҳолларда улар камситиш ва “қўли калталик”дан азият чекадилар. Албатта, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги энг катта масъулият давлат зиммасига тушади.