Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Омбудсман манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда янги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқди.
Амалдаги Қонун 1997 йилда қабул қилиниб, бугунги кунга қадар унга тўрт маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Қонун 22 та модда ва
10 та прим моддадан иборат бўлиб, ундаги эскирган нормаларни ҳозирги давр талабларидан келиб чиқиб янги нормалар билан тўлдириш ҳамда ўзгартишлар киритиш, хусусан Фармон билан Омбудсман институтига берилаётган қўшимча ваколат ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча моддалар билан тўлдириш назарда тутилмоқда.