Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хоразмдаги тергов ҳибсхонаси шароитлари ўрганилди
2023 йилнинг 29 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров 11-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг ташрифида минтақавий вакил маҳбуслар учун қисқа муддатли учрашув ва телефон сўзлашув хоналарида яратилган шарт-шароитлар, почта ва бандеролларни қабул қилиш жараёни, маҳбусларни ушлаб туриш, тергов ва адвокатлар билан учрашув хоналари, ошхона ва тиббиёт бўлимларини кўздан кечирди.

Ҳибсхона ҳудуди, ошхонадаги шароитлар ўрганилганда баъзи жиҳозлар эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланди. Шунингдек, маҳбусларга белгиланган меню асосида 3 маҳал овқат берилаётгани ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланилаётгани маълум бўлди.

Ҳибсхонада сақланаётган 2 нафар маҳкумнинг сўровига кўра, Омбудсман минтақавий вакили уларни якка тартибда қабул қилди. Дастлабки тергов ва суд ҳукмидан норозилигини билдирган маҳкумга ҳуқуқий тушунтириш берилди, оила аъзолари билан телефон орқали гаплашишда ёрдам сўраган мурожаатчи масаласи жойида ҳал этилди.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тергов ҳибсхонаси раҳбарига зарурий тавсиялар берилди.

Муассасанинг хўжалик бўлимида жазони ўташ учун қолдирилган маҳкумлар билан суҳбатлашилганда улардан яшаш, иш шароитлари юзасидан, шунингдек муассаса раҳбарияти ва ходимларига нисбатан шикоятлар келиб тушмади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати