Бу ташаббус халқаро ташкилотнинг глобал масалаларни ҳал этишда янада самарали ва адолатли механизмга айланиши, қолаверса, инсон ҳуқуқлари ва давлатлар манфаатларининг кенгроқ ифодаланиши учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки фақат барқарор ва самарали халқаро тизим орқали глобал муаммолар: урушлар, қашшоқлик, иқлим инқирози, тенгсизликка қарши ҳақиқий чоралар кўриш мумкин.
Давлат раҳбари нуфузли минбардан туриб, “…устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш” эканлигини таъкидладилар. Ушбу фикр инсон қадри Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг пойдевори эканини кўрсатади. Чунки инсон қадрини юксалтириш бу – болаларнинг таълим олиши, оилаларнинг муносиб даромадга эга бўлиши, фуқароларнинг адолат ва ҳуқуқий ҳимоядан баҳраманд бўлиши билан намоён бўлади. Ҳар бир инсон ҳаётида сезиларли ўзгариш яратиш — бу ҳуқуқий давлатнинг асосий вазифасидир. Инсон қадрини юксалтириш йўлида қилинган ҳар бир қадам эса бутун жамият тараққиётига хизмат қилади.
Президентимиз нутқида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзгаришлар инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳал қилувчи омил сифатида қайд этилди. Мактабгача таълим қамровининг 27 фоиздан 78 фоизгача ошиши, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 9 фоиздан 42 фоизга етгани — ҳар бир бола ва ёшнинг билим олиш ҳуқуқи амалда таъминланаётганидан далолатдир. Шу билан бирга, илғор соғлиқни сақлаш тизими жорий этилаётгани инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган соғлом ҳаёт ҳуқуқини кафолатлайди.
Бу натижалар халқаро ҳамжамият эътиборидан ҳам четда қолмади. Масалан, Euronews нашри ўз хабарларида “миллионлаб иш ўринлари яратилгани ва таълим соҳасидаги қамров кескин ошгани Ўзбекистоннинг ислоҳотлари инсон ҳуқуқларини таъминлашда амалий натижа берганини кўрсатмоқда”, дея таъкидлади. Шунингдек, манбада мамлакатимизнинг минтақавий барқарорлик ва тинчликка қўшаётган ҳиссаси ҳам эътироф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан халқаро миқёсда муҳим ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Жумладан, мамлакатимизда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи билдирилди. Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, саммит орқали ўқитувчилар ва педагоглар ўртасида глобал тажриба алмашинуви йўлга қўйилади. Ҳар бир мамлакатнинг илғор услуб ва методикаси бошқаларга етказилади. Натижада, болалар ва ёшлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда сифатли ва замонавий таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бу — “таълим олиш ҳуқуқи”ни халқаро миқёсда кучайтирувчи қадамдир.
Соғлиқни сақлаш йўналишида эса Президентимиз ташаббуси билан БМТ бош қароргоҳида болалар саратони ва оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилиши белгиланди. Бу ташаббус турли давлатларнинг шифокор ва мутахассисларини бирлаштириб, минглаб болалар ҳаётини сақлаб қолиш, уларнинг соғлом турмуш ҳуқуқини таъминлаш йўлида глобал ҳамкорликка замин яратади.
Қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари энг аввало тенг имкониятлар билан таъминланиш деганидир. Аёлларга тенг имконият бермасдан, ҳақиқий ривожланишни тасаввур этиб бўлмайди. Гендер тенглиги таъминланган жамиятдагина инсон ҳуқуқлари ҳақиқатан ҳам тўлақонли ҳаётга айланади. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар бўйича натижаларимиз залворли. Сўнгги йилларда яратилган шароитлар ва имкониятлар сабаб хотин-қизларнинг олий таълимга қамрови анча кенгайди, давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнлардаги иштироки сезиларли ошди. Хотин-қизларнинг. Парламент ва маҳаллий кенгашларда уларнинг улуши тобора кенгаймоқда, тадбиркорлик ва раҳбарлик соҳасида аёллар салмоқли натижаларга эришмоқда. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ва турли грантлар орқали минглаб аёллар ўз бизнесини йўлга қўймоқда, оиласи ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бу ҳақда Президентимиз нутқида ҳам алоҳида таъкидланди. Давлат раҳбари гендер сиёсати масаласи фақат ижтимоий адолат эмас, балки тараққиётнинг асосий мезони эканини қайд этди.
Экологик масалалар ҳам инсон ҳуқуқларига дахлдор йўналиш сифатида кўтарилди. Президентимиз Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича йирик дастурларни амалга ошириш ташаббусини илгари сурди. Хусусан, Орол денгизи тубининг қуриб қолган қисмларида миллионлаб кўчатлар экилиб, 2030 йилга қадар бу ҳудуднинг 80 фоизи яшил қопламаларга айлантирилиши режалаштирилгани халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланди.
Шу ташаббус орқали инсон ҳуқуқларининг яна бир муҳим таркибий қисми – соғлом муҳитда яшаш ҳуқуқи илгари сурилди. Чунки табиат ва инсон ҳаёти ўзаро узвий боғлиқ: муҳит заифлашса, инсон саломатлиги ва турмуш сифатининг ўзи ҳам таҳдид остида қолади.
Инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз кетганда, тинчлик масаласи энг устувор йўналиш сифатида кўтарилди. Президентимиз нутқида Афғонистон, Украина ва Ғазо каби уруш ва низолар давом этаётган ҳудудларда инсон ҳуқуқлари оғир таҳдид остида қолгани ҳақида куйиниб гапирилди. Уруш ва қон тўкилаётган жойда эркинлик ва адолат ҳақида гапириш мумкин эмаслиги таъкидланди.
Президентимиз нутқида айтилган ҳар бир фикр – бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига содиқлиги ва глобал ҳамжиҳатликка тайёрлигининг исботидир. Юртбошимиз инсон қадри устувор мақсад сифатида қўйилгани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, гендер тенглик йўлидаги қадамлар, экология ва тинчлик масалаларига тўхталиб — Ўзбекистоннинг янги сиёсий позициясини яққол намоён этди. Бу — ўз фуқаролари олдида масъулиятни ҳис этадиган, шу билан бирга глобал муаммолар ечимини излашда ҳам фаол иштирок этадиган давлат тимсоли ҳисобланади. Шу боис БМТ минбаридан янграган ҳар бир чақириқ халқимиз учун фахр, халқаро ҳамжамият учун эса ишонч рамзи бўлди.
Феруза ЭШМАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман)